Икки ва ундан ортиқ фарзандлари тўлов-шартнома асосида ўқиётган оилаларга имтиёзли таълим кредити берилади. Ҳукуматнинг тегишли қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Қарор лойиҳасига кўра, таълим кредитлари республикада фаолият кўрсатаётган барча олий таълим муассасалари — давлат, нодавлат, қўшма таълим дастурлари ва хорижий давлатлар олий таълим муассасалари филиалларида тўлов-шартнома асосида таҳсил олаётган Ўзбекистон фуқароларига, уларнинг ота-оналари ёки васийларига берилади.

Кредит фоизларини кредит ажратилгандан сўнг кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб ойма-ой тўлаш, асосий қарзни эса талабанинг ўқиши расман тугагач, уч ой ўтгандан кейин тўлаш назарда тутилмоқда.