Кеча, 22 февраль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида жойлашган «Массагет» меҳмонхонасининг анжуманлар ва мажлислар залида ОАВ ходимлари учун «Ўзбекистонда коронавирус инфекцияга қарши вакцинация чора-тадбирларини ёритишда журналист ва блогерлар хабардорлигини ошириш» мавзусида бир кунлик семинар-тренинг ташкил этилди.

Мазкур семинар-тренингда Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилоятида фаолият олиб бораётган ОАВ ходимлари – журналист ва блогерлар иштирок этишди. Семинарга UNICEF ҳамкорлигида Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази ходимлари – журналист Наргис Қосимова, Анора Содиқова ҳамда Ўзбекистон Республикаси санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ходимлари Вазира Муминова, Насиба Тоировалар тренерлик қилишди. Бу ҳақда ушбу тренингда бевосита иштирок этган Қорақалпоғистондаги муҳбиримиз Ойбек Юсупов хабар бермоқда.

Бўлиб ўтган тренингда вирусга қарши эмлашгача бўлган даврдаги жараёнлар ҳамда эмлаш жараёнига қандай тайёргарлик кўрилаётгани, биринчи бўлиб қайси тоифа вакиллари инфекцияга қарши вакцина қабул қилиши юзасидан мутахассислар томонидан маълумотлар берилди.

Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази ходими журналист Наргис Қосимова эмлаш жараёнларини ОАВда журналист ва блогерлар қандай ёритиши кераклиги хусусида ўзининг таклиф ва тавсияларини айтиб ўтди. Семинар иштирокчилари бу борада мутахассисларга ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича мурожаат қилдилар ҳамда етарлича маълумотлар олишди.

Ушбу ташкил этилган семинар- тренингдан кўзланган асосий мақсад ОАВ ходимларида инфекцияга қарши эмлашга оид етарлича билим ва кўникма шакллантириш билан биргаликда яқин кунларда амалга ошириладиган эмлаш жараёнини аниқ ва холис ёритиб, омма эътиборига ҳавола этишдан иборат.

Facebook Comments