Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида 17 февраль куни «Камаз» автоҳалокатга учраган ҳайдовчига ёрдамлашаётган 2 кишини босиб кетди. Бу ҳақда hordiq.uz «Замон» информацион дастурига таяниб хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Қарши шаҳридан Самарқандга йўл олган «Damas» ҳайдовчиси қоронғи бўлгани учун катта йўлда чиқиб қолган ўйинчоқни англамай, уни четлаб ўтмоқчи бўлган ва ағдарилиб кетган. Воқеага гувоҳ бўлган 2 ўткинчи йўловчи эса ёрдам беришга бориб, машина ичидаги йўловчиларни қутқарган. Аммо меъёридан ортиқча юки бўлган ва бунинг устига катта тезликда келаётган «Камаз» воқеани кўрган бўлса-да, тўхтай олмай, ёрдам беришга келган йўловчиларни босиб кетган.

Натижада жабрланганлардан бири воқеа жойида, яна бири эса кўрсатилган тез тиббий ёрдамга қарамай, шифохонада вафот этган.

Ҳозирда содир бўлган ЙТҲ юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Навоийдаги «авария»да «Tico» ҳайдовчиси ёниб кетгани, Жиззахда шинаси носоз бўлган «Lacetti» бетон тўсиққа бориб урилгани ва Фарғонада йўл четида тўхтаб турган «Damas» бутунлай ёниб кетгани ҳақида хабар берилганди.

Facebook Comments