Хабарингиз бор 2021 йил 18-19 февраль кунлари Президент Шавкат Мирзиёев ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш, энг асосийси халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Наманган вилоятида бўлди. Давлат раҳбари ташрифининг иккинчи кунида Наманган шаҳрининг “Бунёдкор” маҳалласини бориб кўрди.

Бу ердаги аҳвол маҳалла номига бутунлай зид эканлигига гувоҳ бўлди. Ичимлик суви йўқ, ички йўллар ёмон, атроф ободонлаштирилмаган.

Маҳалла идорасининг ўзи ҳам ҳароб, бино орқасида чиқиндилар ётганлигини кўрди. Президент маҳалла раиси ва маслаҳатчиси билан мулоқотда:

Сизлар одамларни уюштиришингиз, бошқаларга ўрнак бўлишингиз керак. Шу маҳалланинг эгаси-ку сизлар! Мўмин-мусулмон-ку сизлар!

Дарахт экса бўладими? Чиқиндини тозалатиб қўйса бўладими? Деворни оқласа бўладими? Шунга кўп нарса керакми? Биз маҳаллага шунча эътибор қаратяпмиз, катта ваколатлар беряпмиз.

Бу ҳолатда қандай ислоҳотчи бўласизлар, одамларни қандай эргаштирасизлар? – дея бир неча саволларни ўртага ташлади.

Наманган шаҳар ҳокими ҳамда ушбу маҳаллага масъул сектор раҳбари бўлган шаҳар прокурорига ҳам танбеҳ берди.

 

“Баландпарвоз гаплар билан ҳисобот берасизлар. Қандай виждон билан лавозимда ўтирибсизлар?! Бу маҳаллада 12 минг одам яшайди. Aҳволни қаранглар, бу сизнинг юзингиз”, – деди давлат раҳбари.

Шу ерга тўпланган аҳоли билан ҳам мулоқот бўлди. Нуронийлардан бири маҳаллада ичимлик суви, табиий газ, ишлаб чиқариш корхонаси йўқлигини, йўллар таъмирга муҳтожлигини айтганида Шавкат Мирзиёев.

“Мен шунинг учун келганман!” – деб жавоб қайтарди.  Мутасаддиларга зарур муҳандислик тармоқларини тортиб, маҳалладаги шароитларни яхшилаш бўйича кўрсатмалар берди. Топшириқларни Президент берсагина, амалга оширишга шошилиб қоладиганларга қойил қоламан.

Шунча пайт нима қилган эдингиз? Мутасадди сифатида ҳудудингизга эътибор бериб қарасангиз бўлмасмиди?

Чунки, ит ҳам ўзининг ётган жойини “думи” билан супуриб ўтиради. Республикадаги маҳаллий депутатларга эса гап бўлиши мумкин эмас.

Сайлов олди “уни қиламиз, буни амалга оширамиз” – дейдию, сайланиб олганидан сўнг, ўша муаммолар “асл” ҳолича қолиб кетаверади. Нима, янаги йилларга сақлаб қўйиладими?!

Aҳоли: “Ўша вақтда ҳам худди ўшандай эди, ҳалиям ўшандайлигича турибди ўша муаммо” – деб сизларга мурожаат  қилавериб чарчаганлигидан ҳеч ўйлаб ўтирмасдан охири юрт отасининг шахсан ўзига ёрилишди.

 

Тўйиб кетдик дейишди. Тўғри иш қилишди. Президент ҳам одам. Фақат бутун вужуди билан тинглаши, дардни ҳис қилиши билан сизлардан ажралиб туради.

Билиб қўйинг муаммолар ўрганилмаса, жойида тураверади. Ундан фақат ечиш билангина қутула оласизлар. Вазият жуда оғир, кўчалар “хароба”га айланиб қолган. Бу нима деган гап ахир?! Қачон ҳақиқий ижрони кўрамиз? Кўзбўямачиликлардан, қўл учида қилинган ишлардан халқ чарчади.

Битта давлат раҳбарига қараб ўтираверишдан уялинглар. Шавкат Мирзиёевнинг сизларга ва қолганларга ҳам “текизиб” берган танбеҳлари агар одам бўлсангиз албатта етиб боради.

Бўлмаса, билмадим.  Дарвоқе, “Кўклам келса сенга варрак ясаб бермоқчи эдим!” – деган “эртак”ларингиз билан одамларни ишонтира оламиз деб хаёлингизга ҳам келтирманг. У марду – майдонлар ўтди – кетди…

Aброр Поёнов