Коронавируснинг бугунги ҳолати қанақа? «Британча» штампга қарши вакцина борми? Ўзбекистонда коронавируснинг янги штампини юқтирган қизнинг аҳволи қандай?

Унга қанақа муолажалар қўлланилмоқда? Вирус Ўзбекистонда тугадими? Дунё миқёсида вакцина билан эмланганлар нега вафот этяпти, вакцина кучсизми ёки вирус кучлими?

Айнан мана шундай саволлар билан Effect.uz мухбири Юлдуз Абдурашидова Тошкент Вирусология илмий-текшириш маркази бош шифокори, Тиббиёт фанлари доктори Муҳайё Асиловага юзланди.

Коронавируснинг бугунги кундаги ҳолати қандай. Қарийб бир йил олдинги ҳолат билан солиштирса бўладими?

15 март яъни қарийб бир йил олдинги ҳолат билан ҳозирги ҳолатни солиштириб бўлмайди. У ҳолатни энди касаллик кириб келган бўлса, ҳозирги ҳолатда умид қиламиз касалликни тугаётган ҳолати бўлади деб.

Чунки, у пайтда «касаллик ҳозир кириб келса, нима қиламиз, қанақа даволаймиз, нима бўлади» деган ваҳима бўлган бўлса, мана ҳозир касаллар камаяпти, сони анча камайган, биз биринчилар бўлиб вирусга чалинганларни қабул қилган бўлсак, мана ҳозир ўз профилимизга қайтдик.

15 март куни шифохонамизда бошқа касалга чалинган беморлар бор эди. Биз уларни уйига қайтариб юбордик. Ваҳоланки, улар орасида эндигина келганларини ҳам, келганига 1 кун, 1 ҳафта бўлганлари ҳам бор эди. Ҳали уларни муолажаларини охирига етмаган эди. Биз вирусга чалинганларни қабул қилганимиз учун, уларга ҳам вирус юқмаслиги учун ҳаракатда эдик. Бугун эса Худога шукр ўз позициямизга қайтдик.

Вирусга чалинганлар соғайди, ва яна эски беморларимиз билан ишлай бошладик. Нафақат бизнинг муассаса балки бошқа шифохоналар ҳам ўзининг профили бўйича ишлай бошлади.

Мен ўйлайманки, 1 йил мобайнида шифокорлар, ҳамширалар, кичик ҳамширалар ҳаммаси ўз вазифасини аъло даражада амалга оширишди, «гиппократ» қасамини бузмади. Ҳозирга келиб, улар коронавирусга чалинган беморларга малакали тиббий хизмат кўрсата олади.

Болаларда ва ҳомиладор аёлларда коронавирус қанақа кечган эди?

Бизни шифохонага асосан ҳомиладор аёллар ва болалар даволанишди. Болаларда бу ҳолат ич кетиши билан, тана ҳарорати кўтарилиши билан кузатилган ва уларда кучли ва ўткир бўлди, аммо, даволаш жараёнида тез соғайиб кетган эди ва ҳеч қандай асоратсиз чиқиб кетган эди.

Иложи бўлса «британча штамм»ни юқтирган қизнинг аҳволи ҳақида гапириб беринг…

Бу қизча ҳозир бизнинг клиникамизда эмас, аммо даволанаётган шифокорлар билан алоқа қилиб турибмиз. Билишимизча, унчалик оғир ва хавфли эмас. Аввал болалар учун қанақа даволаш чоралари кўрилган бўлса, Ҳозир ҳам шу муолажалардан фойдаланишмоқда. Британча штамп учун алоҳида муолажаа, алоҳида даъво йўқ.

Ҳозир коронавирусга қарши эмлаш ҳам британча штампга таъсир қилса керак. Чунки, бу вирус ҳам коронавирус оиласига кирадиган лекин, у мутацияга учрайди. Яъни оқсилларининг жойлашиши, генотиплари 17 та ўзгариш бўлган. Ҳозир ўша ўзгаришлар «британча» деб айтилмоқда. Биз ҳозир бу штамп бошқача кечади, бошқача даволанади деб айта олмаймиз. Ҳозир умумий даволаш бўйича даволаняпти.

Дунё миқёсида коронавирусга қарши эмланганлар орасида вафот этаётганларни ҳам кўриш мумкин. Вакцина фойдасизми ёки вирус шу қадар кучлими?

Тошкент Вирусология маркази шифокорлари ҳозир айнан шу эмлаш жараёнида иштирок этишмоқда. Ноябрь ойидан бери юртимизда эмлаш бошланган. Бу 3 босқичдан иборат. Биринчи босқич эмланади, 2-босқич 1 ойдан кейин бўлади, яна бир ойдан кейин 3-босқич эмланади.

Ҳозир иккинчи босқич бошланди, лекин биронта эмланганлар орасида нотўғри таъсир бўлганини ёки биронтаси ёмон аҳволга тушиб қолганини эшитмадик ва кузатмадик. Ўзимни шахсан ўғлимга ҳам кеча «Хитой вакцинаси» дан эмладик. Агар бу вакцинага ишонмаганимда эди ўғлимга вакцина юбормас эдим.

Коронавирусни даволашга доир қўлланмалар борми?

Коронавирусга қарши мукаммал қўлланмалар ишлаб чиқилди. Бугунга келиб 8 та қўлланма ишлаб чиқилган бўлса, унда қанақа тактика тутиш керак, қанақа даволаш керак, қайси бири оғир, қайси бири енгил ҳисобланади, стационарда қадай даволанадию, оғир формасида қанақа даволанади… ҳаммаси қисқа, аниқ ёзиб қўйилган.

Вирус енгиллашгандан кейин…

Шахсан мен март ойида келган бўлсам, август ойи охирларигача шу ерда бўлдим. 2 ҳафтага уйга бордим, аммо борганда ҳам Зангиотани ташкилий ишлари бўйича юрдим. Бошида ташкилий масалалар оғир бўлган бўлса, ўша пайтлар қўрқув ва катта масъулият ҳам ҳамроҳ эди.

Ҳеч кимга сир эмас июль ва август ойлари жуда оғир кечди. Вирус енгиллашгандан кейин «Эсон-омон чиқдим-ку, жамоамизда ҳеч кимга юқмади-ку, ҳеч ким ўлмади-ку» дея Худога шукрлар айтардик.

Чунки айрим шифохоналарда оддий ҳамширадан тортиб, докторгача ворис юқтириб вафот этган ҳолатлари кузатилди. Аммо бизни Вирусология марказимизда биронта ўлим бўлмагани ҳам бизни бахтимиз. Бу давр жуда оғир давр бўлди, синов даври бўлди. Аммо мана яна жамоамиз билан бирга аввалгидек енгил кийимларимизда, эркин юриб ишлаяпмиз.

Умид қиламанки бу ҳолат бошқа қайтарилмайди. Ҳаммамиз ўз профилимизда ишимизни давом эттирамиз. Аммо, мен эмландим, мен вирусдан ўтаман деб маскасиз юриш бу нотўғри. Республикада касаллик камаяпти, бу жуда ҳам қувончли хабар. Аммо шуни сақлаб қолиш ўзимизни қўлимизда.

Яхшиям вақтида тўғри сиёсат юритилиб, вақтида карантин эълон қилинди. Агар март ойида июлда кузатилган ҳолат бўлганида биз нима қилардик? Хавфли ҳолат бўларди. Биз бунақа ҳолатга тайёр эмас эдик.

Июль ойида қисқа муддат ичида, дунё талабига жавоб берадиган «Зангиота» ташкил этилгани бу жуда яхши бўлди. Шу билан бирга бизда ишлайдиган, вирусдан қўрқмайдиган кадрлар бу вақтга келиб етарли бўлди.

15 март хотираси…

Мени ҳеч эсимдан чиқмайди, шу куни менга қўнғироқ қилиб «опа бизда вирус аниқланди» дейишганда югуриб келганман. Кейин столга ўтириб тажрибаларга қарайман деганимда бир чет эллик меҳмонни фикри ёзилган экан Унда шунақа дейилган эди:

«Агар Ўзбекистонда коронавирус бошланса, жуда оғир вазият бўлади». Кўпчиликда «Нима қилар экан, нима қилиша олар экан, эплай олармикан» деган фикр бор эди. Мана қаранг, ҳозир манман деган ривожланган мамлакатлар, Британия, Россия, Германиялардаги ҳолатга. Ўшаларни ёнида кўз тегмасин юзимиз ёруғ бўлиб чиқдик.

Ташқарида эшитилган икки оғиз сўз, йиқилган жангчига куч бера олди

Биласизми одамларимиз қанақа. Улар бизга телефон қилишиб «Қанақа ёрдам қилайлик?, нима қилиб берайлик?» -деб туришди. Бизни хурсанд қиламиз, бизга мотивация берамиз деб қўлидан келганча ёрдам беришди.

Касалларга, бизга кечки овқатлар қилиб келишди. Биласизми ўша пайтда ташқаридан эшитилган икки оғиз сўз жанг майдонида чарчаб қолганимизда, туриб яна курашиб кетишимизга жуда ҳам куч берарди.

Биринчи коронавирусга чалинган бемор олдига мен кирганман

Биринчи вирус аниқланган аёлни ёнига кирганимда ходимлар қўрқмадингизми дейишганда «Йўқ ахир мен шифокорман» деганман. Ўша пайтлар ҳар бир беморни ёнига кунига 2 марта кириб ўзим назорат қилиб чиқардим. Чунки, вирус соатига ўзгариб қолишидан қўрқардим. Бу нарсани ўтказиб юборишдан қўрқардим.

Бу коронавирусга меҳр ҳам, эътибор ҳам, тўғри даволаш ҳам керак

Фақат тўғи даволаб кетилган касаллар руҳан тушиб оғир аҳволга тушиши ҳам мумкин. Бу касалликка меҳр ҳам керак, эътибор ҳам керак. Эътибор талаб қиладиган касалликда бу касаллик.

Яхши натижа

Соғайган беморларда антитаначаларни сақлангани бу яхши натижа.Биз уларни доим назорат қиляпмиз. Аммо қайта вирус юққанини кўрмадим. Айрим ҳолатларда «қайталанди» дейишади. У қанақа бўлади. Соғайиб чиққандан сўнг совуқ сув ичиб қўяди ёки шамоллаб қолади. Шунда танада қолган кичик вируслар кўпайиб тест мусбат чиқишига сабаб бўлади.

Юлдуз Абдурашидова, Ҳумоюн Орипов суҳбатлашди

Facebook Comments