2020 йилнинг 17 август куни Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманидаги марказий кўчасида кундузи соат 11:00 чамасида Қумқўрғон туманида яшовчи Мунира Мирзаевага олдиндан таниш бўлган аёллар Гулсара Турдиқулова, Мингниязова Муҳайё ҳамда Тўраева Муқаддаслар босқинчилик йўли билан Мирзаева Мунирага зўравонлик қилиб, унга куч ишлатиб, унинг қўлидаги сумкасини тортиб олиб, ўзлари пичоқлаб, оғир тан жароҳат етказишган.

Ушбу ҳолат юзасидан жабрланувчи Мунира Мирзаева зудлик билан вилоят ва туман ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаатлар қилган. Мирзаеванинг шикоят аризасига биноан Турдиқулова Гулсара, Мингниязова Муҳайё, Тўраева Муқаддасларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 109-моддаси 2-қисми ва 229 моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари Қумқўрғон тумани ИИБ ТБ терговчилари Ҳасанов Ҳусан ва Рустам Раҳимовлар томонидан олиб борилган.

Тергов жараёнида жабрланувчи Мирзаева Мунира ва унга жабр етказган Гулсара Турдиқулова, Мингниязова Муҳайё ҳамда Тўраева Муқаддаслар билан юзлаштириш тергов ҳаракатлари ўтказилмай, ушбу жиноятни гувоҳи бўлган бир неча гувоҳлар терговга жалб қилинмай, тергов қонун талабларига биноан олиб борилмади.

Олиб борилган тергов ҳаракатларидан жабрланувчи Мирзаева Мунира томонидан эътирозлар билдириб, бир неча марта шикоят аризалар ёзганидан сўнг, Қумқўрғон туман прокуратураси томонидан Мирзаеванинг шикоятини ўрганиб, Қумқўрғон туман ИИБ ТБ терговчиси Ҳасанов Ҳусан ва Рустам Раҳимов томонидан олиб борган тергов ҳаракатларига раддия берилиб, Шўрчи туман ИИБ тергов бўлимига тергов ҳаракатларини олиб бориши учун юборди.

Шўрчи туман ИИБ ТБ бош терговчиси Ҳамро Фармонов ҳам жабрланувчи Мирзаева Мунирани барча гувоҳларини чақирмай, тингламай, жиноят келиб чиққан ҳолатларни ўрганмай, жиноят ишини маъмурий ҳолатга айлантириб, Шўрчи туман жиноят ишлари бўйича судига юборган.

Энг ачинарлиси, Шўрчи туман ИИБ ТБ терговчиси Фармонов Ҳамро Мирзаева Мунирага жабрланувчи сифатида қарамаган ва унга қайта зарба билан жабр етказган. У Мирзаева Мунирани қабулига чақиртириб уни асоссиз равишда «фоҳиша» деб ҳақорат қилган.

Мирзаева Мунирани хўрланган аёл сифатида ёзган шикоят аризалари Сурхондарё вилоят прокуратураси томонидан ўрганилиб, 2021 йилнинг 15 январь куни Ҳамро Фармоновнинг 2021 йилнинг 5 январь кунги бирор бир шахснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқламаганлиги сабабли ЖПКнинг 83-моддаси 1-бандига асосан жиноят иши тугатилган ҳамда Гулсара Турдиқуловага нисбатан МЖтКнинг 200-моддаси ва 52-моддаси «и» қисми, Тўраева Мухаёга нисбатан МЖтКнинг 41-моддаси билан маъмурий жавобгарликка оид маъмурий иш қўзғатиш ҳақидаги қарори бекор қилинди ва жиноят иши ҳужжатлари ўтқазилишини ташкиллаштириш учун Шўрчи туман прокуратурасига юборилди.

Қумқўрғон туман ИИБ ТБ терговчилари Ҳасанов Ҳусан ва Раҳимов Рустамга нисбатан уларнинг ҳаракати юзасидан хизмат текшируви тайинланди, бироқ Фармонов Ҳамро бундан хулоса чиқармай, жиноят иши ҳужжатлари тергов ҳаракатларини ташкиллаштириш ўрнига ўзининг чиқарган қарорини тасдиқлаб, иш ҳужжатларини зудлик билан Шўрчи туман ЖИБ судга ўтказган.

Жабрланувчи Мирзаева Мунира ушбу чиқарилган ғайриқонуний қарордан бехабар бўлган. Терговчи Мирзаева Мунира ва унинг ҳимоячисини қарор билан таништирмаслик мақсадида ҳар хил баҳоналар қилиб келган.

Жабрланувчи Мирзаева Муниранинг ҳимоячиси 2021 йилни 7 январь куни терговга Мирзаевани ҳимоя қилишга ҳуқуқ берувчи адвокатлик ордерини терговчига тақдим қилган, шунинг учун ҳам иш материалларини 5 январь куни Шўрчи туман ЖИБ судга ўтканлигидан бехабар бўлади.

Шўрчи туман ИИБ ТБ терговчиси Фармонов Ҳамро томонидан уддабуронлик билан расмийлаштирилган маъмурий иши ҳақида Мирзаева Мунирага телефон орқали маълум бўлади. Яъни чақирув қоғозига асосан икки ҳафта олдин судга чақирилганлиги маълум қилинади.

Мирзаева Мунира шубҳали тарзда, яъни ўтиб кетган судга телефон орқали чақирилганлигини, чақирув қоғози етиб келмаганлигини аниқлаш учун Шўрчи туман алоқа бўлимига етиб борган.

Шўрчи туман алоқа бўлими томонидан тақдим қилинган чақирув қоғозида Мирзаева Мунира 2021 йил 2 февраль куни соат 10:00 да чақиртирилганлигидан хабар топган у ердан чақирув қоғозини олиб Шўрчи туман ЖИБ судига бориб, чақирув қоғозини суддагиларга тақдим қилган.

Шўрчи туман ЖИБ судидагилар уни чақирмаганликларини ва чақирув қоғозига қўл қўйган Шўрчи туман ЖИБ судининг судья ёрдамчиси Бегалиев Зиёдулла шахс ишламаслигини ҳақида маълум қилганлар.

Мирзаева Мунира шунингдек фитналар, қаллобликлардан безиганидан адолатни қарор топшириш илинжида яна сарсон саргардон бўлиб, Сурхондарё вилоят прокуратурасига борган ва прокуратура ходими Равшанов Ҳасанга учрашиб, унга вилоят прокуратурасининг қарорига асосан Шўрчи туман ТБ бош терговчи Фармонов Ҳамронинг жиноят иши қўзғатиш ҳақидаги иши маъмурий ишга айланганлиги, Фармонов Ҳамронинг тергов жараёнида жабрланувчи Мирзаева Мунирани «фоҳиша» деб ҳақоратлаганлиги, бир ой давомида Фармонов Ҳамрога нисбатан чора кўрилмаганлиги, лекин икки ҳафта олдин шошилинч равишда Шўрчи туман ЖИБ судининг сохта чақирув қоғози юборилганлигини ҳақида шикоят қилган.

Равшанов Ҳасан жабрланувчи Мирзаева Мунирага Фармонов Ҳамронинг ҳақорат қилганлиги устидан ёзган шикоят аризаси вилоят прокуратурасида йўқолиб қолганлигини ва Шўрчи туман ИИБ ТБ терговчиси Қурбонов Ойбекка учрашини айтган.

Шунингдек фитналардан безор бўлган ва ғазабланган жабрланувчи Мирзаева Мунира Фармонов Ҳамронинг қилмишлари ва унга қонуний чора кўришни сўраб вилоят прокуратурасига ёзган шикоят аризасини бир нусхасини прокуратура ходими Равшанов Хасанга тақдим қилиб, ушбу ариза Сурхондарё вилоят прокуратураси ходими томонидан қабул қилиб олинганлиги ҳақида имзоланганлигини кўрсатиб, нега, қачон ва ким томонидан бу шикоят ариза йўқолганлиги ҳақида аниқлик киритмоқчи бўлган. Қолаверса нега Фармонов Ҳамронинг бевосита қўл остида терговчи бўлиб ишлаётган Қурбонов Ойбекка учрашишини сўраган, ўзига тегишли ишни бошқа туманга ўтказишни сўраган.

Мирзаева Мунира бир ой давомида Фармонов Ҳамронинг унга нисбатан қилган ҳақорати бўйича жавоб ололмагач, Шўрчи туман прокуратурасига мурожаат қилиб, соатлаб кутиб, 2021 йилнинг 11 февраль куни шикоят аризасига Шўрчи туман ИИБ ТБ бош терговчиси Фармонов Ҳамрога Шўрчи туман прокуратурасининг ходими Абдумурод Тўраев томонидан хизмат текшируви тайинланлиги ҳақида жавобни олган.

Мирзаева Мунира бир ой олдин Шўрчи туман ИИБ ТБ бош терговчиси Фармонов Ҳамронинг устидан ариза билан мурожаат қилганлиги ва терговчининг ўзини ҳақорат қилганлиги ҳақида исбот далил аудиони тақдим қилганлиги, хизмат текшируви натижаси ҳанузгача йўқлиги, ўзига тегишли бўлган иш ҳанузгача Фармонов Ҳамронинг иш юритувида бўлганлигидан норозилигини билдирган, лекин унинг норозиликларига ҳеч ким жавоб бермаган.

Шу куннинг ўзида Мирзаева Мунира уйига келганида Шўрчи туман ИИБ ТБ терговчиси Қурбонов Ойбек қайнонасини сўроққа тутганини гувоҳи бўлиб, ўз эътирозларини билдириб, Қурбонов Ойбек нега унинг уйига кириб келганини, нега чақирув қоғозисиз қайнонасини тергов қилаётганлигини сўрайди. Қурбонов Ойбек бу хонадон Мирзаева Мунирага тегишли эмаслигини, тергов ҳаракатларини шу уйда олиб боришини, қайнонасини ҳурматини жойига қўйишини айтиб, уни безовта қилмаслигини Мирзаева Мунирадан талаб қилган.

«Қарангда, тумандан туманга, вилоят прокуратурасидан судга, беш ойдан бери кунда кун-аро сарсон саргардон бўлиб терговга қатнасамда, ишга алоқаси бўлмаган соғлом қайнонамга терговчи Қурбонов Ойбек томонидан бу қадар «илтифот» кўрсатилса.

Назаримда, Фармонов Ҳамронинг «тинчини бузиб» туман прокуратурасининг жавоб хатини олганимдан сўнг бир соат ичида Фармонов Ҳамронинг қўл остидаги терговчиси Қурбонов Ойбекни ноқонуний тарзда хонадонимга жўнатиб, менинг оилавий ҳаётимга аралашиб, оиладаги тинчимни бузмоқчи бўлди» дейди Мирзаева Мунира.

Жабрланувчи Мирзаева Мунира бизларга қилган мурожаатида етти ойдан буён ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилиб адолат тополмаганлигини, бу идоралар вакилларининг лоқайдлиги ёки «буюртма» асосида ёндашаётганлигини билдирди.

«Буюртма бошида Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармасининг ҳузуридаги тергов бошқармасининг катта терговчиси маёр Маматмуродов Парда турибди. Маматмуродов Парда бир неча маротаба даъвомдан кечишимни талаб қилди, акс ҳолда менга муаммолар туғилишини айтди.

Тергов жараёнларида мен билан боғлиқ бўлган ҳолатларда жиддий эътибор бериларди, яъни менга тегишли бўлган сумкамдаги буюмлар 2000 АҚШ доллари, 10 миллион сўм пулларим, 263 грамм тилло тақинчоқларим терговчилар Ҳасанов Ҳусан, Рустам Раҳимов томонидан мени иштирокимсиз кўздан кечирилиб, ғайриқонуний баённома тузилмасди. Менинг барча гувоҳларим посбон, шифокорлар, маъмурий биносидаги жойлашган идора ходимлари (Қумқўрғон туманининг шоҳ кўчасидан бошланиб ИИБ биносининг олдида гувоҳлар аралашуви билан ҳаётим сақланиб қолинди) терговга гувоҳ сифатида жалб қилинмади.

Агар кимнингдир паноҳида бўлмасалар кундуз куни ўзларига тегишли автомашинада зўравонлик йўли билан мени пичоқлаб, жабр етказган, пичоқлаган учта аёл,(яъни 2011 йили Шўрчи туманининг Деҳқон бозорида бир аёлни кундуз куни жамоат жойда қип яланғоч ечинтириб, уриб, тан жароҳат етказгани учун муқаддам судланган Турдиқулова Гулсара) Мингниёзова Муҳайё ва Тўраева Муқаддаслар ҳанузгача жазога тортилмай, очиқликка юрмас эдилар. Тергов жараёнларида Тўраева Муқаддас ва Мингниёзова Муҳайёлар мени оғизга олиб бўлмас сўзлар билан ҳақорат қила олмасдилар,

Сурхондарё вилоят суд тиббиёт экспертизаси ва физика техника экспертизаси чала тақдим қилинган ҳужжатларига таяниб қолиб кетмасди, жиноят иши маъмурий ишга айланиб қолмасди, ҳанузгача Шўрчи ИИБ ТБ тергов «бекати»га айланиб қолмас эди. Ҳаттоки адвокат ҳимоячим Эргаш Ғаппоров ҳам уларнинг чизган чизиғидан чиқмади. Менинг мурожаатим атрофлича текширилиб, ташвишли ҳолатимга бефарқ бўлмаслигингизни ва менга жабр етказганлар қонунни ҳис қилиб жазоланишларини талаб қиламан».