Сариосиё ва Узун туманларида вафот этганларнинг оила аъзоларидан қанчаси уй – жойлар билан таъминланганлигига ойдинлик киритилди.

Бугун яъни, 16 – февраль куни AОКAда – “Ўзбекистон Қуролли Кучларида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар ва оила аъзоларининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масалаларини кучайтириш юзасидан олиб борилаётган ишлар” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда Effect.uz ахборот агентлиги журналисти Aброр Поёнов ҳам иштирок этди ва анжуманда спикер сифатида қатнашган Ўзбекистон Республикаси Мудофаа Вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти раҳбари Баҳром Зулфиқоровга қуйидаги савол билан юзланди:

“Сариосиё ва Узун туманидаги ҳарбий ҳаракатлар чоғида ҳалок бўлган хизматчиларнинг қанчаси уй – жойлар билан таъминланган, уларнинг оиласига давлат томонидан қандай имтиёзлар берилган?”

 

Бу жуда муҳим масалалардан бири эди. Сариосиё ва Узун туманларидаги жанговор ҳаракатларда иштирок этиб, ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига жуда кўплаб имтиёзлар берилган. Улар доим эътиборимиз марказида.

Бугунги кунда уларнинг фарзандларига ОТМга киришлари учун алоҳида квоталар ажратилган. Оила аъзоларига эса, Мудофаа Вазирлиги томонидан амалий ёрдамлар, бепул даволаниши, санаторийларда дам олишлари учун йўлланмалар тақдим этилмоқда.

Чет элларга боришларида қулайликлар яратилган. Байрамларда, хотира ва қадрлаш кунларида керак бўлса, хонадонларига ташриф буюрилиб ғамхўрликлар кўрсатилади. Ҳозирда вафот этган ўғлонларнинг оила аъзолари юз фоиз уй – жойлар билан таъминланган, бу борада муаммо йўқ!” – деб жавоб қайтарди Полковник Зулфиқоров.