Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2019 йил Наманганда Art Soft Tex Cluster ташкил топди. Кластер Мингбулоқ ва Поп туманида 23 минг гектар ер майдонида пахта хом-ашёси, 19 575 гектарда ғалла ҳосили етиштиради.

“Кластер ташкил топгандан кейин йилма-йил ҳосилдорлик ошган бўлиб, жумладан, фермерларга қулайлик яратиш мақсадида Россиядан таркибида 52 фоиз фосфор мавжуд бўлган амафоз дори ва ўғитлари олиб келинган. 2019-2020 йилларда 1000 га яқин техникаларни банк-кредитлари асосида олинган маблағларга сотиб олдик.

Янги ва замонавий “Класс доминатор” комбайнлар, тракторлар, “Кейс класс” русумли жами 39 та пахта териш машиналарини олиб келдик.

2020 йилнинг ўзида бу техникалар ёрдамида 10-15 минг тонна пахтани териб олишнинг уддасидан чиқдик. Мажбурий меҳнатнинг олдини олишга ва маҳсулот сифати ошишига эришдик”, дейди Art Soft Cluster Holding Group компанияси бош директори 1-ўринбосари Миршоҳид Бекмуродов.

Президентнинг қарор, фармон ва фармойишларига биноан, биринчи навбатда кластерда илмий-тадқиқот марказини ташкил қилинган. Тупроқ ва унинг таркибини ўрганиш йўлга қўйилган. У икки тармоқ: аграр ва тўқимачилик йўналишларини ўз ичига олади.

Бундан ташқари, 2020 йилнинг ўзидаёқ 100 миллиардлик янги техникалар ҳарид қилинган. 2021 йилда Мингбулоқдаги Гигант массивида 5 та лойиҳа амалга ошириш режалаштирилган. У пахта ва ёғ заводи, дон ҳамда омухта ем ишлаб чиқариш корхонаси ва лабораторияларни ўз ичига олади.  Бу лойиҳанинг қиймати 65 млн доллардан иборат бўлади.

Ҳозирда Uzonline.uz ва Агробанк томонидан ҳужжатлар тайёрланиб кредит олиш масалалари кўриб чиқилмоқда. Яратилаётган лойиҳада 2000 га яқин иш ўрни яратилиши кутилмоқда. Трикотаж маҳсулотларига талаб ошганлигини инобатга олиб, Мингбулоқ ва Поп туманларида ҳар бири 300 ўринли трикотаж корхонаси қуриш режа қилинган.