Кеча, 10 февраль куни Тошкент вилояти Бўка туманида автоҳалокатга учраган 8 ёшли қизалоқнинг ҳолидан хабар олинмаётгани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу видеолавҳа ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди.

Ҳолат юзасидан бугун, эрта тонгда Тошкент вилояти ИИББ масъул раҳбарлари шифохонада даволанаётган 8 ёшли Д.Ш.нинг ҳолидан хабар олиш ва вазиятга тўлиқ ойдинлик киритиш мақсадида Бўка тумани марказий шифохонасида бўлишган. Бу ҳақда вилоят ИИББ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, мутассадилар шифохонада қизнинг ота-онаси ва масъул шифокорлар билан учрашиб, вазиятни шахсан ўрганишган, қизалоқнинг ўзи билан ҳам суҳбат қилинган.

“Қизалоқнинг ота-онасига бу ҳолатда биринчи навбатда боланинг саломатлиги муҳимлиги, бунинг учун барча зарурий чоралар кўрилиши, шунингдек, ЙТҲ иштирокчисига ҳам қонуний чора кўриш таъминланишини тушунтирилди.

Ҳозирда раҳбарият назоратида ҳодиса иштирокчилари томонидан ҳар қандай моддий ва маънавий зарарни қоплаш чоралари кўрилмоқда. Ўз навбатида беморни қабул қилган шифокор асосий қизни ўз вақтида шифохонага етказилгани ва биринчи ёрдам вақтида кўрсатилгани ҳақида гапириб, унинг ҳозирги ҳолати яхши эканлиги, барча беморлар каби муолажа хонасида даволанишга ўтганлигини маълум қилди.

 

Тафсилотларга кўра, 2021 йил 5 февраль куни соат тахминан 18-00 ларда туман Бўстон МФЙ ҳудудидан ўтган ички автомобиль йўли орқали ҳаракатланиб келаётган “Спарк” ҳайдовчиси Ғ.Э. (Тошкент вилояти ИИО ходими) 2012 йилда туғилган пиёда Д.Ш. йўлнинг чапдан ўнг томонига тўсатдан югуриб чиқиши натижасида уриб юборган.

Шу вақтда Ғ.Э. дарҳол биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида пиёдани Бўка туман марказий шифохонасига етказган. Ушбу ҳолатдан ўзининг тоби бўлмай қизни шифокорлар қабул қилгандан кейин кучли стресс ҳолатида уйига кетган. Яқинларига воқеани айтиб, қизнинг ҳолидан хабар олишни тайинлаган. Шундан сўнг ҳайдовчининг акаси шифохонага бориб боланинг ҳолидан хабар олган ва дори дармонлар учун моддий кўмак кўрсатган. Аммо қизнинг отаси уни рад этиб, ҳайдовчининг ўзи келишини сўраган”, дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, шундан сўнг қизнинг онаси С.А. ижтимоий тармоқлар орқали видео мурожаат йўллаган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан вилоят Прокуратураси назоратида терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, натижаси бўйича қонуний қарор қабул қилинади.