Тошкент вилоятининг Бўка туманида пиёдани уриб юбориш билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси юз берди. Воқеа 5 февраль куни Бўка туманининг “Бўстон” маҳалласи ҳудудидан ўтган автомобиль йўлида юз берган. Spark автомобили рулида бўлган 36 ёшли ҳайдовчи 8 ёшли қизалоқни уриб юборган.

Хабарда ҳодиса кимнинг айби билан юз берганига аниқлик киритилмаган. Қизалоқ тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Унинг жорий аҳволи ҳақида аниқ маълумот йўқ.

“Мазкур ЙТҲ юзасидан Бўка тумани прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилиб, ҳодиса сабабларига аниқлик киритилмоқда”, дейилади ИИВ ЙҲХББ ахборотида.

Ижтимоий тармоқларда Spark ҳайдовчиси ички ишлар ходими экани ҳақида маълумотлар қолдирилган. Унинг онаси ижтимоий тармоқларда чиқиш қилиб, қизини уриб кетган ҳайдовчига тегишли тартибда чора кўрилишини сўрамоқда. Онасининг қўшимча қилишича, қизалоқ автоҳалокатга учрагандан сўнг ушбу ҳолатга деярли ҳеч ким эътибор бермаган.

“Қизимни уриб кетган ҳайдовчи “қўлингдан келганини қил”, деб бизга нисбатан дағдаға қилмоқда дейди Садоқат Алимова.

Видеолавҳада кўриш мумкинки, жабрланувчи Дилноза Алимова “ёрдам, ёрдам беринглар”, дея оғриқларга дош бера олмаяпти.

Масъуллардан мазкур вазиятга изоҳ беришларини сўраб қоламиз!