Ёшлар ишлари агентлиги бу – ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширувчи ягона давлат органи, дейди агентлик директори ўринбосари Дилноза Каттахонова.

8 февраль куни AОКAда “Талабаларнинг бугунги кундаги ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси ва жамоатчилик томонидан хайрия ишлари борасида амалга оширилаётган лойиҳалар” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Анжуманда EFFECT.UZ журналисти Aброр Поёнов ҳам қатнашиб, Дилнозахон Каттахоновага “Ёшлар ишлари агентлигининг – Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамда Ёшлар парламентидан фарқ қилувчи асосий жиҳати нимада. Кўпчилик бу ташкилотларни бошқарувда бир-бирини такрорлайди деб ўйлашади, фарқларини тушунтирсангиз…?”, – мазмунида савол берди.

“Ёшлар ишлари агентлиги бу – ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширувчи ягона давлат органи. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи бу – ёшлар манфаатларини ҳимоя қиладиган энг йирик нодавлат – нотижорат ёшлар ташкилоти, Ёшлар парламенти эса – бўлажак депутатларни тайёрлайдиган энг катта платформа”, дея жавоб қайтарди Каттахонова.

Маълумот ўрнида, Ёшлар иттифоқи Ўзбекистон ёшлар иттифоқи жисмонан соғлом, маънан етук ва интеллектуал ривожланган, мустақил фикрлайдиган ёш авлодни шакллантириш, ёшларни ташқи таҳдидлар ва «оммавий маданият»нинг зарарли таъсиридан муҳофаза қилиш, ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга ҳар томонлама кўмаклашиш ва шарт-шароитларни яратиш мақсадида жисмоний шахслар томонидан иттифоқ ташкилий-ҳуқуқий шаклида тузилган, Ўзбекистон ёшларини бирлаштирувчи нодавлат нотижорат ташкилотидир.

Моҳистара Муҳаммадюнусова раислиқ қиладиган Ёшлар парламенти эса 2020 йилнинг июль ойида Олий мажлис Сенат таркибида ташкил топиб, Ёшлар парламенти ғояси 2017–2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси эълон қилинган. Бундан ёшларнинг қонун ижодкорлиги жараёнидаги иштирокини янада кенгайтириш режалаштирилгани айтилади.

Шунингдек, Ёшлар ишлари агентлиги Президент Шавкат Мирзиёев фармони билан ташкил этилган. Агентлик, жумладан, ёшлар билан боғлиқ соҳа ва йўналишларда ягона давлат сиёсати, стратегик йўналишлар ва давлат дастурларини ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади.

Бундан ташқари, ёшлар сиёсати соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади. Фармон билан Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тасдиқланган.

Дастурда, жумладан, Ўзбекистон ёшлари порталини ташкил этиш ва унда ёшлар сиёсатини баҳолаш миллий индекслари ҳамда ёшларга оид қонун ҳужжатлари базасини шакллантириш белгиланган. Дастурда назарда тутилган тадбирлар Агентлик томонидан тўғридан-тўғри ёки нодавлат нотижорат ташкилотларига ижтимоий буюртма шаклида ажратиладиган давлат грантлари ва субсидиялар тақсимлаш орқали молиялаштирилади.