Хонанда Жасур Умировнинг иши бўйича дастлаб жиноят иши қўзғатишни рад этган ИИБ терговчисининг ҳаракатлари прокуратура томонидан ўрганилмоқда. Бу ҳақда Самарқанд вилояти прокуратураси маълум қилди.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, вояга етмаган Ш.М.ни мажбурлаб номусига текканлиги ҳолати юзасидан Жасур Умировга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 118-моддаси билан қўзғатилган жиноят иши, жиноят ишлар бўйича  Каттақўрғон шаҳар судида мазмунан кўрилиб, суднинг 02.02.2021 йилдаги ҳукми билан Ж.У. ва бошқалар айбдор деб топилиб, уларга нисбатан суд ҳукми билан тегишли жазолар тайинланди.

Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича дастлаб терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб бориб, юз берган ҳолатда бирон бир шахснинг ҳаракатида жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги ҳақидаги асос билан ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилган Каттақўрғон туман ИИБ ТБ терговчисининг ҳаракатлари бўйича Каттақўрғон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, бир муддат аввал таниқли эстрада хонандаси Самарқанддаги лицейнинг биринчи курсини эндигина тамомлаган, вояга етмаган қизнинг номусига теккани ҳақида хабар қилинган эди.

Кейинчалик, ушбу шахс эстрада хонандаси Жасур Умиров деган тахминлар пайдо бўлиб, ҳолат юзасидан қайта текширув тайинлангани ва жиноят иши очилгани хабар қилинди.

Шундан сўнг, ишда тўпланган далиллар асосида Ж.У.га нисбатан 118-моддаси 3-қисми “а” банди билан айб эълон қилиниб, суднинг 21.12.2020 йилдаги ажримига асосан хонандага нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган ва иш судга оширилган эди.

Кеча, 2 февраль куни жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар суди томонидан Жасур Умиров Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.