2-3 февраль кунлари Ўзбекистон ва Аргентина футзал терма жамоалари иккита ўртоқлик ўйинлари ўтказишади. Бугун пойтахтимиздаги “Hilton” меҳмонхонасида матбуот анжумани ўтказилди. Ўзбекистон бош мураббийи Баҳодир Аҳмедов  журналистларнинг саволларига жавоб берди.

– Эртанги учрашувда Жаҳон чемпионатида ўйнаган футболчиларни кўрамизми ёки ёшларга имконият берасизми?
“Ёшларга кўпроқ имконият берамиз. Жаҳон чемпионатида тўп тепган ўйинчилардан айни пайтда саноқлигинаси терма жамоада фаолиятини давом эттирмоқда. Рустам Умаров, Дилшод Раҳматов, Даврон Чориев, Жавлон Аноров ва Илҳом Алибоев. Қолганларнинг барчаси ёшлар. Мана шундай учрашувларда уларни кўриб олмасам яна қачон текшириб оламан. Бу ўйинлар ўзим учун керак томонларини, ўйнай оладими ёки йўқми билиб олиш имконини беради”.
– Аргентина терма жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказиш фикри кимдан чиқди? Сизнинг ташаббусингиз билан ташкил қилиндими?
“Юқорида ҳам айтиб ўтдим. Биринчи галда Ўзбекистон футбол ассоциациясига раҳмат айтаман. Биз уларга рақиб топишни айтамиз, ходимлар эса терма жамоалар билан алоқага чиқишади. Тўғри келса бизга хабар беришади. Пандемия шароитида ҳам Марокаш, Эрон, Тожикистон, Қирғизистон каби термалар билан ўйнадик. Буларнинг барчаси ЎФА томонидан амалга оширилмоқда”.
– Ўзбекистон футзал терма жамоасидаги тажрибали ўйинчиларда кучли рақибларга қарши ўйнаш кўникмаси шаклланган. Мана бир неча йиғиндирки, ёшларимизга ҳам юқори даражадаги учрашувларда имконият тақдим қилинмоқда. Айни паллада ёш ижрочиларда топ савиядаги рақиблар билан ўйнаш кўникмаси қай даражада?
“Тўғри айтдингиз. Тажрибали футзалчиларимиз ёшларга ўз ёрдамларини аяшмаяпти. Кўрасизлар, Аргентина билан учрашувда ҳам ёшларни тушураман. Улар тезроқ ўсишга эришади. Менга энг керакли нарса шу”.
– Осиё чемпионатининг қолдирилиши терма жамоамизга қайси томондан фойдали бўлди?
“Бу ҳақида фикр билдириш жуда қийин. Аслида Осиё чемпионати дастлаб Туркманистонда ўтказилиши кўзда тутилганди. Ўша пайт ажойиб спорт формасида эдик. Кейинчалик Қувайтга кўчирилди. У ҳам қолдирилди. Муҳими ички чемпионатимиз давом этмоқда. Қолдирилгани мен учун ёмон бўлди”.
– Терма жамоамизнинг 2016 йил Жаҳон чемпионатига чиққани ҳозиргача энг юқори натижамиз ҳисобланади. Ўшанда жамоада тажрибали ва ёши катта ўйинчилар кўп бўлган. Лекин, айримлар учун мундиалда ўйнаган авлод кучли саналса, яна баъзилар ҳозирги ёш авлод кучли деб айтишмоқда. Шахсан сизнинг фикрингиз қандай?
“Ҳар бир авлоднинг ўзига яраша кучли томони бўлади. Ҳозирги авлоднинг кучли жиҳати ёшларнинг кўплигида. Булар билан катта натижаларга эришиш мумкин. Фақат устида ишлашимиз керак”.
– Аргентина 2016 йил Жаҳон чемпионатида ғолиб чиққан бўлсада, яққол фаворит эмасди. Ҳозирги Аргентинага қандай тавсиф бера оласиз?
“Аргентина жуда ҳам сабрли жамоа. Ҳеч қачон шошмайди. Дарвозабонини алоҳида ажратиб кўрсатаман. Бизга катта муаммо бўла олади. Бразилия билан ўйинда қайтариш мушкул вазиятларда ҳам тўпни бартараф этди. Ўйинчилари яримта имкониятдан ҳам фойдаланиб кетади. Баҳсни яхши назорат қилади, мураббийнинг кўрсатмаларини тўлиқ бажаришга интилишади. Тартибга амал қилишади. Ҳар бир футзалчисидан исталган вақтда хавф кутиш мумкин”.
Рустам Умаровга ўринбосар тарбияланмоқдами?
“Ёшларимиздан иқтидорли дарвозабонлар бор. Эрон билан иккинчи баҳсда Аббос Элмуродовга ишонч билдирдик. Улардан кўнглим тўқ”.
Маълумот ўрнида, Учрашув эртага Тошкент вақти билан 18:30 да старт олади.