Сирдарё туман қурилиш бўлими бошлиғи хизмат хонасида пора олаётган пайт Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё туман бўлими ходимлари томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Мирзаобод туман архитектура бўлими собиқ мутахассиси З.Ж. фуқаро Ф.Т.га 12 сотих ер майдони ажратиш учун ҳужжатларни расмийлаштириш ва унинг ёрдамчи хўжалиги биноси лойиҳа ҳужжатларини Сирдарё туман қурилиш бўлими бошлиғи орқали тайёрлаб бериш эвазига ундан 1200 доллари талаб қилган. Келишилган пулдан 2,1 миллион сўмни қўлга киритиб, қолган 900 долларини олган вақтида ашёвий далил билан қўлга олинган.

Шунингдек, Сирдарё туман қурилиш бўлими бошлиғи Х.К. фуқаро Ф.Т.га 12 сотих ер майдони ажратиш учун ҳужжатларни расмийлаштириш ва унинг ёрдамчи хўжалиги биноси лойиҳа ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 400 долларини хизмат хонасида пора тариқасида олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Х.К.га нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) фуқаро З.Ж.га нисбатан 212-моддаси (Пора олиш-беришда воситачилик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.