Қашқадарё вилояти Косон туманида яшовчи Қаҳрамон Раҳманов ўзининг бир неча йилдан бери ҳал бўлмаётган муаммоси билан Effect.uz Ахборот агентлигига мурожаат қилди.

Мазкур мурожаатни Effect.uz Ахборот агентлиги журналистлари Бекзод Раҳмонов ва Аброр Эшонхонов ўрганиб чиқди.

Мурожаатнинг мазмунига келсак, Қашқадарё вилояти Косон туманида истиқомат қилувчи Раҳмонов Қаҳрамон темир маҳсулотлари савдо сотиғи билан шуғуланиш учун 2019 йил фирма очади ва унинг ўғли ушбу фирмани раҳбар сифатида юритади.

Раҳмонов Қаҳрамон ўзининг божасининг ўғли Ахатов Шавкатни бир ставка иш билан таъминлайди ва Шавкат у ерда оддий ишчи бўлиб ишлаб келади.

Ўзининг фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида Раҳмонов Қаҳрамон божасининг уйининг олдида турган дўкондан маҳсулотларини кўчириб кетиш учун келади.

Аммо ўша куни Ахатовлар катта жанжал кўтариб, маҳсулотлар гарчи уларнинг номларида бўлмаса ҳам бизники деб ўз қариндошларига тазйиқ ўтказишади ва Қаҳрамон Раҳматовни дўппослашгача боришади.

Қисқа қилиб айтганда  мурожаатчи Раҳмонов Қаҳрамон барчасини бошидан батафсил тушунтириб берди.

Мен Раҳмонов Қаҳрамон Қудратович 1958 йил 20 декабрда туғилганман Қашқадарё вилоят Косон тумани Аралиқ маҳалласида яшайман. Мен “Шуҳрат Қаҳрамонович” фирмаси раҳбариман.

2019 йил январь ойида металл буюмларини сотиш мақсадида ушбу фирмани очганмиз. Ушбу фирмага тегишли дўкон божамнинг уйининг олдида бўлган. Ушбу объектда маълум муддат фаолият олиб борганимиздан кейин биз у ердан кўчишга қарор қилдик.

2019 йил 29 октябрь ҳолатига бизнинг янги дўконимиз қуриб битказилди ва биз ўзимизга тегишли металл маҳсулотларини олиб юклаб кетиш мақсадида у ерга бордик.

Лекин бизда 1 ставкада ишловчи ишчи Аҳатов Шавкат ва унинг қариндошлари жанжал чиқариб бу маҳсулот бизга тегишли деб ўз мулкимизни жанжал қилиб олиб қўйишди.

Шундан сўнг, биз туман ИИБ бўлимига бордик ва бизни у ерда туман ИИБ бошлиғи ўринбосари қабул қилди ва ушбу ишни ўрганишни профилактика нозирига буюрди ва бизга туман солиқ қўмитасига бориб маҳсулотларни ҳисоб-китоб қилишни маслаҳат берди.

Шу куннинг эртасига биз солиқ ходимлари билан бордик, аммо Ахатовлар яна жанжал чиқариб ҳужжатлар ва фирмага тегишли муҳрни тортиб олишди.

Фирмага тегишли терминал, касса аппаратлар ўша бинода қолиб кетди. Ушбу воқеадан кейин участковой нозири бизга суд қарори чиқмагунича бу ерга келмасликни айтди ва биз унинг гапига кирдик.

Ушбу воқеага солиқ инспекциясидан келган ходимлар ҳам гувоҳ бўлишган, аммо улар кўрсатма беришдан қўрқишади.

Қолаверса мени Ахатовлар дўппослашди, аммо негадир ҳеч қандай гуноҳи йўқ одамларга маъмурий суд бизга нисбатан адолатсизлик қилиб бизни жаримага тортди.

Шундан кейин, участка нозири Миржалол Мурсалов маъмурий судга ҳақиқатдан ҳам ушбу вазиятда Ахатовлар зўравонлик ва очиқдан-очиқ талон тарож қилиб бизни мулкимизга эгалик қилиш нияти борлиги ҳақида кўрсатма берди.

Участка нозири бизга суд бўлишигача келманглар деганидан кейин биз у ерга бормадик. Аммо ташқарида турган маҳсулотларимизни биз видеога олганмиз ва керакли жойда тақдим эта оламиз.

Биз видеога олиб кетганимиздан кейин, 14 декабрь биз расмларни чиқариб туман прокуратураси, ИИБ раҳбарига ҳам ариза қилиб почта орқали берганмиз. Лекин улар буни инобатга олишмади ҳатто нима бўлди деб ҳам сўрашмади.

Мен ўйлайман прокурор ва ички ишлар раҳбари коррупционер. Агарда улар коррупционер бўлишмаганида 14 декабрь ҳолатини ўрганиб чиқишган бўлар эдилар ва иккинчи маротаба ўғирлик бўлишига йўл қўймаган бўлар эдилар.

Иккинчи ўғирликда улар контейнер ичидаги маҳсулотларни ўмаришган, аммо тегишли органлар буни ўрганиб чиқмади.

Шундан кейин, мен вилоят ИИБ ва Қашқадарё вилоят прокуратурасига мурожаат қилдим. Мурожаат қилганимдан кейин 1 соат 45 дақиқадан кейин ИИБ ходимлари келишди ва ишни қўл учида кўриб кетишди.

Мазкур воқеадан кейин, иккинчи ўғирликни ҳам ўрганиш учун орган ходимларига тақдим этдик, лекин улар 1000, 1007, 1002 қисқа рақамларига чиқмагунимизгача ишни ўрганишмади.

Шундан кейин, 140-145 миллионга баҳоланган ўғирликни Косон тумани прокурори Улуғбек Эргашев прокурор ёрдамчиси Жумақулов Шодиёрлар участка нозирига ҳолатни ўрганишга буйруқ берди. Аммо бизнинг бу ишимизни жиноят қидирув бўлими ўрганиб чиқиши керак.

Участка нозири уч кун ўрганганидан кейин,  Жумақулов Шодиёр ва Косон тумани прокурори 27 декабрь куни нозирга ҳеч қандай жиноят аломати йўқ деб ёзиб келишни буюрди.

Косон прокурорининг ушбу қароридан норози бўлиб вилоят прокурори қабули бўлаётгани учун у ерга бордим.

Менинг мурожаатимни вилоят прокурори ўринбосари Мирзаев 16 бўлим билан биргаликда ишни кўриб чиқиб, 3 март кунида ёпилган ишни қайта кўриб чиқиш учун 19 март куни туман прокуратураси орқали Косон тумани ИИБ орқали очилган ишни қайта кўриб чиқиш учун жўнатилди.

Аммо Косон тумани ИИБ ушбу иш юзасидан ҳеч қандай тергов ўтказмасдан 4 апрель куни ёпиб юборди. Ундан кейин кўплаб жойларга мурожаат қилдим, аммо ҳеч қайси орган буни инобатга олмади.

27 май куни кечқурун соат 23:30 ларда «Москвич» русимидаги машина дўконимиздан юк юклаётганига ўғлим ва неварам кўриб қолган ва ушбу воқеани видеога олган. Ушбу ҳолатни кўрган Шавкат Ахатов ва «Москвич» ҳайдовчиси воқеа жойидан яширинганлар. 

Мен бу ҳолат бўйича ИИБга мурожаат қилдим, аммо гуруҳ бориб неварамнинг қўлини қайриб қўлидаги телефонни тортиб олишган.

Ўғлимнинг бошига эса Ахатовлар темир бўлаги билан уриб ҳушидан кетказиб қўйган экан. Энг қизиғи жиноятчилар қолиб мени кичкина ўғлим ва набирамнии маҳкамага олиб кетишди. Унинг орқасидан мени ҳам олиб кетишди.

У ерга борсам, небирам “ИИБ ходимлари менга тазйиқ ўтказиб қўлимдаги телефонни олиб қўйишди” – деди.

Биз у ерга ўз мулкимизни олиш учун бордик бу иш бўйича фуқаролик судига бердик. Улар қабул қилмади кейинчалик янги йилга қабул қилди ва кўриб чиқишга бир ой муҳлат талаб этилишини айтди. Бир ойдан кейин арзимаган хатони топиб яна судради.

Хуллас ишни бир йилга чўзиб, Савдо-саноат палатаси чиқарган хулосани ҳам инобатга олмасдан ушбу ишни рад этди. Бу ҳам майли бизга 446 минг сўм жарима ҳам ёзиб берди.

Савдо-саноат палатасидан даъво ариза киргизганимиздан кейин, Ахатовларнинг фирмада ҳеч қандай улушдорлиги йўқлигини аниқлашди.

Шундан кейин Ахатовлар ўзларининг адвокатлари билан судда ушбу маҳсулотларни экспертиза қилишни талаб қилди ва суд бунга рози бўлиб ижро қилиш учун муддат берди. Аммо ижро қилишга борганимизда яна можаро бўлди.

ИИБ ижро қилиш учун бизга одам бермади, буларнинг прокуратура билан тил бириктирганлигини шу ердан ҳам билиш мумкин. Ижро бу ишни ўзимиз қиламиз деб, 3 соатда битадиган ишни бир ойга чўзди.

Экспертиза эса 3 ойга чўзилди, экспертиза натижасига кўра, ҳамма маҳсулотлар бизга тегишли эканлиги аниқланди.

Экспертиза 100 фоиз ҳужжатлар бизга тегишли эканлигини тасдиқлаб турибди, лекин Чироқчи туман суди саводсизлиги туфайли бизга 33 миллион бож қўйди.

Президентимиз тадбиркорларга йўл очиб беришни бот-бот айтиб турган бир вақтда биз 1 йилдан бери ишламасдан турибмиз. Бу судларни қандай қилиб тушунса бўлади, нега одил судлов йўқ.

Бизни суд прокуратурага тепади, прокуратура ички ишларга тепади шу биз улар ўртасида футбол тўпи бўлиб юрибмиз», – дейди мурожаатчи.

Қаҳрамон Раҳмоновнинг ҳужжатларини журналист Бекзод Раҳмонов ўрганиб чиқди ва етарлича далиллар билан биринчи бўлиб Коррупцияга қарши агентлигига борди. Бироқ агентлик ҳужжатлар етарли эмаслигини айтди ва уларни қуруқ маслаҳат билан кузатиб қўйди.

Шундан сўнг, Effect.uz мазкур ҳолатни ўрганиб бериш учун Бош Прокуратурага юзланди.

Бош прокуратура мурожаатчининг мурожаатини ўрганиб, 2020 йил 14 январь куни Қашқадарё вилоят прокурорининг ўринбосари адлия катта маслаҳатчиси У.Б.Саъдуллаевга мурожаатни назоратга олиш ҳақида хат юборди.

Бош прокуратура мурожаатда кўрсатилган важларга асосан ҳодисани тўлиқ ўрганиб чиқиб 25 январь муддатгача маълумот берилишини сўраган. Аммо маълумот берилган муддатдан ўтиб кетган ва ҳеч қандай назоратга олинмаган.

Қўлимда барча ҳужжатларим бор деб турган тадбиркорни суд жаримага тортса, ички ишлар органи қўлини қайриб олиб кетса, прокурорлар вазиятга фақат хат билан баҳо берса. Эртага ким тадбиркор бўламан дейди?

Мурожаатчи барча товарлар ўнга тегишли эканлигини исботламоқчи бўлиб 1 йилдан бери сарсон бўлмоқда ва унинг қўлида етарлича ҳужжатлар бор. Аммо тадбиркор тегишли органлар қўлида шунчаки футбол тўпи бўлмоқда.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз, Бекзод Раҳмонов иккинчи томонни ҳам ўрганиб чиқиш учун, кўп маротаба улар билан боғланди аммо улар воқеа юзасидан маълумот беришдан бош тортишди.

Effect.uz фақат тангани бир томонини кўрадими? Деган савол билан чиқадиганлар учун: “Биз ҳар доим ҳақиқат учун курашамиз!”

Мақола муаллифи: Аброр Эшонхонов

Мухбир: Бекзод Раҳмонов