Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев АҚШда Жо Байденнинг ҳокимиятга келиши Ўзбекистон ва Америка муносабатларига қандай таъсир кўрсатиши ҳамда АҚШ билан ҳамкорликнинг қандай давом этиши тўғрисидаги саволга жавоб қайтарди.

Ҳеч қачон аввал Ўзбекистоннинг барча йўналишларда, ғарб-у шарқ, шимол-у жануб бўйича муносабатлари бугунчалик бўлмаган. Шу жумладан, АҚШ билан ҳам бугун бизнинг муносабатларимиз, мулоқотимиз мўътадил ривожланиб бормоқда.

Шуни айтиш керакки, охирги 4 йил мобайнида Ўзбекистон—Америка ҳамкорлиги ҳамма йўналишларда стратегик шерикчилик даражасига кўтарилди. Бу ўз ифодасини, авваламбор, Ўзбекистон Президентининг 2018 йил май ойида Вашингтонга амалга оширган ташрифи ва Оқ уйда бўлган учрашувлари билан асосланади.

Мана шу асос яратди. Бугунги кунга келиб ҳам сиёсий, ҳам хавфсизлик йўналишида, ҳам иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистонда АҚШ билан муносабатлар кенгайиб бормоқда ва у Ўзбекистоннинг манфаатларига мос келади.

Биз ўйлаймизки, иккала мамлакат ўртасидаги муносабатлар иккала давлатнинг, иккала халқнинг миллий манфаатларидан келиб чиқади. Шунинг учун АҚШнинг янги маъмуриятидан келиб чиққан ҳолда мана шу белгиланган тенденцияни, яъни Ўзбекистон ва Америка мулоқотининг кенгайишини қўллаб-қувватлайди.

Бу бизни қандайдир башоратимиз эмас, балки АҚШ вакиллари билан бўлиб ўтган мулоқотларимиздан келиб чиққан ҳолда таъкидланишимиз мумкинки, албатта, икки томонлама муносабатларимиз янада ривожланади.

Бир мисол келтирмоқчиман, аввалги маъмурият билан Ўзбекистон ва Американинг DFC ташкилоти, яъни ривожланиш-молиялаштириш корпорацияси қўшма инвестицион фонд яратиб, бу ерда минтақавий лойиҳаларни амалга ошириши кўзда тутилган эди. Мамнуният билан шуни айтишимиз мумкинки, янги маъмурият ҳам шуни давом эттиради.

Ўйлаймизки, АҚШда Марказий Осиёни ва Марказий Осиёда Ўзбекистоннинг аҳамиятини яхши тушунишади ва умид қиламизки, келган маъмурият ҳам Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳар томонлама мулоқотларни ривожлантиради. Турли даражадаги мулоқот давом этади.

Содиқ Сафоев, Сенат раисининг биринчи ўринбосари

Эслатиб ўтамиз, Жо Байден 20 январь куни АҚШ президенти сифатида қасамёд қилди. У АҚШнинг 46-президенти бўлди ва инаугурация маросимида қасамёд қабул қилганидан сўнг расман иш бошлади. 77 ёшли Байден ушбу лавозимни эгаллаган тарихдаги энг кекса шахсга айланди.