Мактаб директорлиги лавозимига номзодни тайинлаш жараёнини шаффофлаштириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 16 ноябрдаги (ПФ-6408) фармонига кўра, эндиликда номзод Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларининг тавсияси билан тайинланади. Бу ҳақда 26 январь куни Халқ таълими вазирлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида вазир Шерзод Шерматов маълум қилди.

Мактаб директорини тайинлашда маҳаллий кенгашларнинг роли ҳам муҳим аҳамиятга эга. Авваллари мактаб директори тайинланганда ‘кимнингдир жияни, кимнингдир таниш-билиши экан’, деган гап-сўзлар ҳам бўлар эди. Лекин мана 2021 йил 1 январдан янги тизим бўйича ҳаммаси шаффоф тарзда амалга оширилади.

Яъни ҳар бир директор 3 йиллик иш режа дастурини ишлаб чиқади ва уни маҳаллий кенгашларга тақдим қилади. Шу тақдимот жараёни тўлиқ тасвирга олиниб, YouTube ижтимоий тармоғига жойланади. Чунки бу биринчидан шаффофликни таъминлайди, иккинчидан 2-3 йилдан кейин ҳисобот бўлганида ўша видеони кўриб, ваъда қилинган ишлар бўйича жавоб беради, деди Шерзод Шерматов.

Унинг айтишича, ушбу янги тизим қуйидаги тарзда амалга оширилади:

бўш (вакант) директор лавозими учун эълон берилади ва вазирлик расмий веб-сайтида (эҳтиёждан келиб чиқиб, даврий нашрларда) жойлаштирилади;

номзод танловда иштирок этиш бўйича ариза билан мурожаат этади ва вазирликнинг ish.uzedu.uz сайти орқали танловда иштирок этиш ҳақида ариза беради;

номзодларнинг белгиланган малака талабларига мослиги ўрганилади ва малака талабига мос номзодлар Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларига тавсия этилади;

номзодларнинг умумтаълим муассасаси кўрсаткичларини келгуси 3 йилда юқори даражага олиб чиқиш бўйича энг яхши дастур эгаси танлаб олинади ва танлов жараёнлари видеотасвирга олиниб, тўғридан-тўғри намойиш этилади;

танловдан ўтган номзодлар мактаб директори лавозимига тайинланади.

Таъкидланишича, бу билан мактабга жонкуяр, фидойи директор тайинланади ва бу “қизил” кўрсаткичга эга бўлган мактабларни “яшил”га олиб чиқишнинг энг катта фактори бўлади.

Facebook Comments