Тошкент шаҳрида 10 та кўчаларда автобус, йўналишли такси, тез тиббий ёрдам, ўт ўчирувчи машиналар ҳаракати учун алоҳида ажратилган йўлаклар ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” Ахборот хизмати хабар берди.

“Махсус йўналишларни яратишнинг асосий омили – автобуслар ҳар доим ҳам ўз тўхташ жойларига белгиланган вақтда етиб бориши ва тирбандликларга тушиб қолмасликларига эришилишидир. Шу билан бир қаторда, автобусларни ҳаракатланиш вақтида бошқа енгил машиналарга ҳалақит қилмасликларини ҳам таъминлайди”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, тирбандликларни бартараф этиш ҳамда йўловчиларни ўз вақтида ташиш билан бир қаторда, ажратилган чизиқлар фавқулоддаги хизмат машиналари (тез тиббий ёрдам ва ўт ўчириш транспорт воситаларининг) ишларини тезкорлик билан бажаришига ёрдам беради.

Аммо алоҳида ажратилган йўлакларда шахсий автоуловни бошқариш таъқиқланади. Йўналишли такси, махсус такси хизматлари ҳамда велосипед орқали ҳаракатланувчилар белгиланган қоидаларга асосан мазкур йўллардан фойдаланишлари мумкин.

Алоҳида ажратилган йўлаклар пайдо бўлганидан сўнг, ойнинг биринчи ўн кунлигида йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан жарималарни қўлламасдан, ҳайдовчилар билан профилактик суҳбатлар ўтказишлари зарур бўлади.

Шу муносабат билан Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси ҳамда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида эълон қилиб бориладиган сўровномаларда аҳолини фаол иштирок этишга чақирди.

Facebook Comments