2020 йил мобайнида маъмурий судлар томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 15 067 та иш кўриб чиқилди. Бунинг натижасида 10 130 нафар фуқаро ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари тикланди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар бермоқда.

Шунингдек, маъмурий судлар томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида кўзда тутилган ҳуқуқбузарликлар бўйича 426 717 нафар шахсга нисбатан 341 469 та иш кўриб чиқилди. Жумладан 269 026 нафар шахсга нисбатан жарима, махсус ҳуқуқдан маҳрум этиш, маъмурий қамоққа олиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқариб юбориш каби маъмурий жазолар қўлланилган.

Таҳлилларга кўра, маъмурий судлар томонидан кўрилган ишларнинг аксариятини автомобиль транспортида йўловчилар ташиш фаолияти билан лицензиясиз шуғулланиш, солиқ солинадиган объектларнинг ҳисобини олиб бормаслик ёки касса операцияларини юритиш тартибини, шунингдек тўлов интизомини бузиш, ҳақорат қилиш, майда безорилик, енгил тан жароҳати етказиш, ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик, транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаш ҳамда транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ташкил этади.

Хусусан, маъмурий судлар томонидан транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш ҳамда транспорт воситалари ҳайдовчиларининг ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг мастлиги ёки маст эмаслигини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаши билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича 29 200 нафар шахсга нисбатан 28 868 та иш кўриб тамомланган. Шундан 28 189 нафар шахсга нисбатан жарима, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш ва маъмурий қамоққа олиш каби маъмурий жазолар қўлланилди.

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича 21 870 нафар шахсга нисбатан 21 395 та иш кўриб тамомланган. Шундан 19 505 нафар шахсга нисбатан жарима жазоси қўлланилди, 733 нафар шахс эса транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Маъмурий судлар томонидан 80 171 та иш, яъни барча ишларнинг 22,5 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида 4 934 та шикоят ва протестлар кўриб чиқилди, шундан 561 таси иш материаллари асосида ўрганилиб, қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорларнинг 328 таси бекор қилинди ва 45 таси ўзгартирилди.

Facebook Comments