Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) 2021 йилдан бошлаб янги анъанани йўлга қўймоқда.

Ассоциация матбуот хизмати хабарига кўра, эндиликда ўзбек футболи ривожига ҳисса қўшаётган, Ўзбекистон довруғини жаҳон майдонларида таратаётган ва мамлакатда футбол оммавийлигини оширишда муҳим ўрин тутган футболчи ва мутахассислар ЎФА президентининг махсус совринлари билан тақдирланади.

ЎФA мажлислар залида ўтган тақдирлаш маросимида ассоциация президенти Aбдусалом Aзизов, биринчи вице-президент Равшан Эрматов ва бўлинмалар раҳбарияти иштирок этди.

Бу йил ушбу тақдирлаш жараёни биринчи бор йўлга қўйилди ва унда 5 та номинация жорий этилди.

Ўтган мавсумда мухлислар ва мутахассислар эътиборини қозонган, миллий жамоалар сафида ишончли ўйин кўрсатган Иброҳимхалил Йўлдошев “Йил кашфиёти” номига сазовор бўлди.

Ўзбек футболи афсонаси Геннадий Денисов “Миллий терма жамоа фахрийси” совринига муносиб деб топилди.

Ҳам майдонда, ҳам унинг ташқарисида барчага ўрнак бўладиган, ҳар бир терма жамоанинг рамзига айланган футболчи Одил Aҳмедов Ўзбекистон миллий жамоасидаги мардонавор ҳаракати ва фидойилиги учун “Миллий терма жамоа юраги” соврини билан тақдирланди.

Италиянинг “Женоа” клуби сафида сермаҳсул ва юқори даражали ўйин кўрсатиб, ўзбек футболини жаҳонга янада танитаётган Элдор Шомуродов асосий номинация “Ўзбек футболининг ёрқин юлдузи”совринига лойиқ деб топилди.

Жиззах вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Эргаш Солиев “Ўзбек футболи ривожига қўшаётган ҳиссаси учун” соврини билан тақдирланди.

Facebook Comments