2020 йилда Бандликка кўмаклашиш марказларига 1 миллиондан ортиқ киши иш сўраб мурожаат қилган. Бу ҳақда  АОКАда ўтказилаётган матбуот анжуманида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов маълум қилди.

“2020 йилда пандемия муносабати билан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига одатдагидан кўра 2-3 баробар кўпроқ масъулият юкланди. Турли корхоналар фаолиятини тугатишга мажбур бўлди ва бунинг ортидан фуқаролар ишсиз қолди.

Ўтган йилда Бандликка кўмаклашиш марказларига 1 миллион 96 минг нафар фуқаро мурожаат қилди. Уларнинг 362 минг нафарига ишга жойлашиш бўйича кўмак берилди, 521 минг нафари вақтинчалик ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди, 36 минг нафар фуқароларга деҳқончилик қилиши учун субсидиялар ажратилди, 12 минг нафар фуқарога тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун субсидия берилди”, дейди Ҳусанов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 80 мингга яқин ишсиз фуқарога нафақа тайинланиши тўғрисида хабар берган эдик.

Facebook Comments