Энергетика вазирлиги “Янги Ангрен” ИЭСдаги портлашда вафот этган 3 кишининг оила аъзоларига 105 миллион сўмдан моддий ёрдам кўрсатилганини маълум қилди.

20 январь куни “Янги Ангрен” иссиқлик электр станциясининг профилактика чораларини кўриш учун тўхтатилган 5-энергия блокида чанг-кўмирли ҳаво аралашмасининг портлаши содир бўлган, портлаш оқибатида уч киши ҳалок бўлган ва яна уч киши жароҳат олганди. Энергетика вазирлиги уларнинг оила аъзоларига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилганини маълум қилганди.

Маълум қилинишича, вафот этганларнинг оила аъзоларига дафн маросимини ўтказиш учун 20—21 январь кунлари 4 миллион 866 минг сўмдан биринчи моддий ёрдам кўрсатилган. 22 январь куни эса уларга қўшимча равишда 105 миллион сўмдан моддий ёрдам кўрсатилди.

Портлаш оқибатида уч киши вафот этгани юзасидан жиноят иши очилган. Бош прокуратура матбуот хизмати ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ангрен шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилган.