“Ёш китобхон” танлови низомининг “ғолибларни тақдирлаш” бўлимига ўзгартиришлар киритилди. Бу ҳақда Effect.uz мухбири хабар бермоқда.

Унга кўра, аввал маҳаллий босқичда биринчи ўринни олганларга планшет берилиши керак бўлган бўлса эндиликда энг сара асарлардан иборат (15) китоблар жамланмаси берилади. 2-ўрин соҳибларига берилиши керак бўлган уяли телефон ва 3-ўрин соҳибларига берилиши керак бўлган китоблар жамланмаси (20 та энг сара асар)ни янги низомда кўрмайсиз.

Танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичида биринчи ўринни олган ғолибларга эски низомдаги каби ноутбук берилмайди. Энди уларга энг сара адабиётлардан иборат (40 та) китоблар жамланмаси берилади. 2-ўрин соҳибларига аввалгидек, планшетлар эмас, дурдона асарлардан иборат (30та) китоблар жамланмаси берилади. Худди шундай, 3-ўрин соҳибларига аввалгидек 50 та китобдан иборат жамланма эмас, 20 та китобдан иборат жамланма берилади.

Республика босқичидаги мутлоқ ғолибларга “Президент совғаси” бўлган “Spark” автомашинасининг янги низомда ҳам берилиши кўрсатилган. 2-ўрин соҳибларига аввалгидек, компьютер жамланмаси ва принтер эмас, 30 миллион сўм, 3-ўринга эса 200 та китоб эмас 15 миллион сўм миқдоридаги совғалар берилади.

Шу пайтгача, кўплаб туман ғолибларига берилиши керак бўлган планшет ва уяли телефонлар эгасига берилмасдан келди. Ўйлаймизки, энди ҳамма совғалар эгаларига берилади.