Бугун, 22 январь куни Қашқадарёда Давлат кадастрлари палатаси Қашқадарё вилояти бошқармаси ташаббуси билан, ҳудудда фаолият олиб бораётган журналист ва блоггерлар учун Пресс-тур ташкиллаштирилди. Мазкур пресс-турда Effect.uz мухбири Даврон Ҳасанов ҳам иштирок этди.

Дастлаб,  иштирокчилар самимий кутиб олиниб, ажратилган “Голден Драгон” автобусида Қарши шаҳридаги “Корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш” корхонасига боришди.

У ерда бошқарма бошлиғи Ғайрат Ҳамроев ва ходимлар иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда  журналист ва блогерлар берган саволларга масъуллар томонидан жавоб қайтарилди.

Пресс-турда ўтган йил давомида кадастр соҳасида амалга оширилган ишлар ва келажакда қилинадиган режалар ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, барча ер майдонлари мамлакат бўйича илк маротаба Қашқадарёда синов тариқасида миллий геоахборот  тизимига киритилганлиги таъкидланди.

Кейинги манзил эса Қарши шаҳрида қад ростлаган “Ватанпарварлар” боғи бўлди. У ерда соҳага оид янги инновацион техникалар намойиш этилди.

Пресс-тур якунида, Кадастр соҳасига оид хабар ва янгиликларни ижтимоий тармоқларда ёритишда ташаббус кўрсатган журналист ва блогерларга Давлат кадастрлари палатаси Қашқадарё вилояти бошқармасининг ташаккурномалари топширилди.