Ўрмон хўжалиги соҳасида илм-фанни ривожлантириш ва илмий-тадқиқот ишларини рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида президент қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикасида ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини амалга ошириш, ўрмон хўжалигида илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш, илмий-тадқиқот ишларини рағбатлантириш ҳамда халқаро стандартлар даражасига мос илғор хорижий тажрибага эга бўлган кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида:

  1. Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг 2021 йил 1 февралдан:

а) ўрмон хўжалиги соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, хорижий стажировкаларни тизимли ташкил этиш, инновацион ишланмаларни ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш мақсадида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси марказий аппарати тузилмасида 4 та штат бирлигидан иборат Илмий ташкилотлар фаолияти ва инновацияларни жорий этишни мувофиқлаштириш бошқармасини;

пистачиликни ривожлантириш, пистанинг янги ва серҳосил нав ҳамда шаклларини танлаш, районлаштириш, пистачилик бўйича ўрмончилар, фермер ва деҳқон хўжаликлари учун семинар, тренинг ва бошқа тадбирлар ташкил этиш мақсадида Жиззах давлат ўрмон хўжалиги Ғаллаорол бўлимининг “Оқтош” участкасидаги оналик писта плантациялари негизида Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти ҳузурида давлат муассасаси шаклидаги Пистачилик илмий-тажриба станциясини ташкил этиш;

ўрмон тадбирларининг технологик хариталарини ишлаб чиқиш ва ўрмон амалиётига жорий этишни таъминлаш мақсадида Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти тузилмасида Ўрмон иқтисодиёти бўлимини;

б) ўрмон уруғчилигини ривожлантириш, ўрмон ўсимликлари уруғлари таҳлилини илмий-тадқиқот ишлари билан мувофиқлаштириш мақсадида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимидаги Ўрмон ва доривор  ўсимликлар уруғчилигини  таҳлил қилиш марказини тугатиш  ҳамда унинг моддий-техник базасини сақлаган ҳолда Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтига бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

Белгилансинки, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси марказий аппарати ҳамда Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти тузилмасига киритилаётган ўзгартиришлар Ўрмон ва доривор ўсимликлар уруғчилигини таҳлил қилиш марказини тугатиш натижасида бўшаётган штат бирликлари ҳамда Жиззах давлат ўрмон хўжалиги штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобига амалга оширилади.

  1. Белгилаб қўйилсинки, Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти тугатилаётган Ўрмон ва доривор ўсимликлар уруғчилигини таҳлил қилиш марказининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
  2. Ўрмон хўжалиги соҳасидаги лойиҳа-қидирув ишлари сифати ва самарадорлигини ошириш, ўрмон хўжалиги тадбирларини мунтазам лойиҳа ҳужжатлари асосида ташкил этиш мақсадида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимидаги “Ўрмонлойиҳа” давлат унитар корхонаси негизида давлат муассасаси шаклидаги “Ўрмонлойиҳа” лойиҳалаш институти ташкил этилсин.
  3. Қуйидагилар “Ўрмонлойиҳа” лойиҳалаш институтининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгилансин:

давлат ўрмон фонди ер майдонларида ўрмон тузиш, лойиҳа-қидирув ишларини бажариш, ўрмон таксациясини ишлаб чиқиш, давлат ўрмон фондини хатловдан ўтказиш, ўрмон хўжаликларининг ишлаб чиқариш режаларини лойиҳалаш;

шаҳар ва бошқа аҳоли яшаш пунктлари атрофини, автомобиль ва темир йўллар ёқасини кўкаламзорлаштириш ишларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш;

инновацион технологиялар асосида (дронлар, GPS навигаторлар ва бошқалар ёрдамида) давлат ўрмон хўжаликлари ер майдонлари чегараларини, ер тоифаларини аниқлаш ва уларнинг хариталари, электрон маълумотлар базасини шакллантириш;

ўрмонларнинг давлат ҳисобини ва мониторингини юритиш, уларнинг ахборот-ресурс фондини яратиш;

Орол ва Оролбўйи минтақасида, шунингдек, республиканинг бошқа ҳудудларида чўлланишнинг олдини олиш ҳамда эрозияга қарши курашиш мақсадида ўрмонзорлар барпо этиш учун лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш;

ўрмончилик соҳасидаги нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда замонавий технологиялар асосида геоахборот тизимларини ўрмон тузиш, мониторинг ва лойиҳалаш ишларига жорий этиш;

мелиорация объектлари атрофида ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларида ҳосилдорликни оширишга йўналтирилган шамол ва сув эрозияларидан ҳимоялаш учун иҳота дарахтзорларини барпо этиш лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш.

  1. Белгилансинки, 2021 йил 1 январдан бошлаб, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси умумий тушумларининг 5 фоизи Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти ва унинг тизимидаги илмий ташкилотлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда ходимларни рағбатлантиришга йўналтирилади.
  2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
  3. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг раиси Н.Ж. Бакиров белгилансин.

Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ш.М.Ғаниев зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2021 йил 1 июнь ва 2022 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.

Президент Шавкат МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2021 йил 21 январь

Facebook Comments