Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳрида Халқ депутатлари вилоят кенгашининг йиғилишида қишлоқ хўжалиги орқада эканлиги ва уни мутлақо қониқтирмаслигини таъкидлади, дея ёзмоқда Kun.uz.

“Сувни тежашни қачон ўрганамиз? Томчилатиб суғоришни қачон кенгайтирамиз? Мен Хўжаевни [қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев – таҳр.] қаттиқ огоҳлантирдим. Агар эплай олмаса ишдан оламан.

Қишлоқ хўжалигимиз ҳам қониқтирмайди. Ҳалигача собиқ иттифоқ услубида ишлаяпмиз. Мен 1993 йилда Европага борганимда кўрганман, тупроққа тушадиган ҳар бир томчи сув, ҳар грамм ўғитнинг аниқ ҳисоб-китоби бор. Биз қачон ҳосилдорликни, даромадни кўпайтирамиз?

Ғаниевни [бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев – таҳр.] ҳам огоҳлантирдим, тизимни тўғри йўлга қўймаса, ишдан кетади”, деди президент.

Эслатиб ўтамиз, 2011 йилдан Фарғона вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келган Шуҳрат Ғаниев 2020 йил сентябрида бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланган эди.

Facebook Comments