Бугун “Ўзбеккино” МАда Италиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Агостина Пинна билан учрашув ташкил этилди. Бу ҳақда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Мазкур учрашувда Агентлик Бош директори Фирдавс Абдухолиқов Агостина Пинна билан Италия ва ўзбек фильмлари бўйича бир қатор лойиҳаларни муҳокама қилишди.

Келишувга кўра томонлар ўзбек ва италиялик киноижодкорлар билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, ко-продукциялар яратиш, шу билан бирга, Италияда “Ўзбек киноси кунлари” ҳамда жорий йил мамлакатимизда “Италия киноси кунлари”ни юқори савияда ўтказиш билан боғлиқ масалалар бўйича музокаралар ўтказишди.

Бундан ташқари, жорий йил Италияда “Ўзбек маданий мероси Италия тўпламларида” китобининг тақдимотини ўтказиш ҳамда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш Бутунжаҳон жамияти томонидан европалик олимлар иштирокида халқаро конгресс ташкил этиш каби масалалар ҳам кўриб чиқилди.