Боксчимиз Шоҳжаҳон Эргашев Инстаграмга видео жойлади. Бу ҳақда Olamsport.com нашри ҳабар берди.
Ушбу видеода Эргашев 60 килограммлик тошни белига боғлаб олган ҳолда, турникка тортилаётганди.
Ушбу видео жаҳон чемпиони, Олимпия ўйинлари финалчиси Шаҳрам Ғиёсовнинг ҳам эътиборидан четда қолмади ва боксчимизнинг ушбу ҳаракатини қўллаб-қувватлади.
Шоҳжаҳон эса бунга жавобан: “Раҳмат. Яхши тайёрлан. Қачондир барибир уришамиз, реванш оларсан. Ўшанда сенга осон бўлмайди, қаттиқ тайёрлан” – деб жавоб қайтарди.
Шундан сўнг Шаҳрам Ғиёсов комментда ушбу “сериал”ни давом эттирди: “Мен билан уришиш учун сенга ҳали анча бор… 60 кг.ли темирлар ёрдам бермайди сенга, яхшироқ тренировка қил!”, – деб изоҳ қолдирди.
Ўз навбатида, Шоҳжаҳон Эргашев ҳам бўш келгани йўқ: “Кўрдик кимларни уриб юрганингни сени ҳам. Сал пастроққа туш. Кел, вақтга қўйиб берайлик, ринг кўрсатсин. Ин Шаа Аллаҳ 2:0 бўлади ҳисоб”, – дея ҳаваскор боксда Шаҳрамнинг устидан ғалаба қозонганига шаъма қилди.
Ғиёсов эса: “Мен энди гапирмай кимлар билан тушиб юрганингни… Уят керак катта гапиришга! Рингда гаплашамиз!”.
Ўзбек боксининг икки ёрқин юлдузи ўртасидаги бундай изоҳлар ҳеч ҳам «тренд»дан қолмайдиган «Шоҳжаҳон-Шаҳрам сериали»нинг янада кенгроқ муҳокама қилинишига сабаб бўлмоқда. Воқеалар ривожи қандай тус олиши барчага бирдек қизиқ. Кутамиз, кузатамиз…
Facebook Comments