Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи-вице президенти Равшан Эрматов, МОҚ бош котиби Ойбек Касимов, шунингдек, бир қатор мутасадди ва мутахассислар Наманган вилоятига ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎФА хабар берди.

Маълум қилинишича, сафар давомида ҳудудларда футбол билан мунтазам шуғулланиш, соғлом турмуш тарзи ҳамда спортни аҳоли ўртасида кенг тадбиқ этиш ҳамда футбол оммавийлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан таништирилган.

Мутахассислар Наманган шаҳри, Тўрақўрғон, Чуст, Поп, Косонсой, Уйчи ва бошқа туманларда спортга ва ҳусусан футболга яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Ёш футбол тарбияланувчиларининг машғулот жараёнини кузатиш баробарида, жойларда болалар-ўсмирлар футболига бўлган эътибор ҳамда имкониятларни кўздан кечирган. Инфратузилманинг талаб даражасига мос келиши борасида таклифлар билдирилган.

Равшан Эрматов Наманган вилоят ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Шавкат Абдуразаковга вилоятда футболни ривожлантиришда амалга ошираётган ишлари учун ЎФАнинг ташаккурномаси ва эсдалик совғаларини топширди.

Шунингдек вилоят футбол ассоциацияси моддий техник базасини яхшилаш ва унинг фаолиятини ОАВда кенг ёритилишини таъминлаш мақсадида ЎФА томонидан техник жиҳозлар ва зарур ўқув қўлланмалар тақдим этилди.

Бундан ташқари, Равшан Эрматов ташрифи арафасида Косонсой туман ҳокимлиги ахборот хизмати ҳамда “Косонсойликлар” канали ташаббуси билан, жорий йилнинг 20 январь куни “Спортни сев, спорт билан яша!” шиори остида, 30 ёшгача бўлган ёшлар орасида, жанглёр бўйича туман биринчилиги бўлиб ўтган.

Равшан Эрматов мазкур тадбирни очиб бериб, мусобақа иштирокчиларига омад тилаган.

Ғолиблар билан танишинг:

1-ўрин: Муминов Музаффар – 980та

2-ўрин: Иброҳимхонов Акбархон – 427та

3-ўрин: Каримов Беҳрузжон – 417та

Мусобақа якунларига кўра ғолибларга ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари ва ташаккурномалари топширилган.

Facebook Comments