Маълумки, Effect.uz ахборот агентлиги бир неча кундан буён Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида 500 нафардан зиёд фермерларнинг фаолият олиб бораётган ерлари кластерга олиб берилаётгани тўғрисида турли мақолалар ва видеолавҳалар тайёрлаб, уларни оммага ҳавола этиб келмоқда.

Сизга яхши танилишга улгурган журналист Фазлиддин Меҳмонов Қизириқ фермерлари ва “Сурхонкоттекстиль”  пахтачилик-тўқимачилик кластери ўртасида содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни ёритиб, омма диққатига олиб чиқди.

Фермерларнинг айтишига кўра, ерларни туман ҳокимлиги захирасига қайтариш борасида мажбуран аризалар ёздириб олинган. Сурхондарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, аризалар мажбурлаб ёздирилмаган.

Вилоят ҳокимлигига кўра, туманда 24 минг гектардан ортиқ экин майдони мавжуд. 500 дан зиёд фермер хўжалиги бор. Амалдаги тартиб бўйича мазкур майдонларда 13 минг 180 киши доимий иш билан банд бўлиши керак. Лекин, фермерлар 1 минг 709 кишини иш билан таъминлаган. Ҳозир фермерларнинг солиқ, тижорат банклари, хизмат кўрсатиш ташкилотлари ва бошқалардан 45 миллиард 222 миллион сўмдан ортиқ қарздорлиги бор.

Туман ҳокимлиги ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ижтимоий тармоқлардаги фермерларни тугатиш бўйича мажбурий ариза олинди, деган гап-сўзларга эътироз билдириб, атиги 27 фермер ва 12 та масъулияти чекланган жамияти ўз хоҳиши билан тугатилишига қарши бўлганини таъкидлади.

“Бундай ишга қўл урганимизда Ўзбекистон Республикасининг “Ер кодекси” га мувофиқ ихтиёрий ариза бермаган 39 хўжаликнинг аризасини аллақачон олган бўлар эдик”, деган мутасаддилар.

Қизириқда пахта парваришлаган фермер хўжаликларининг 246 таси режани барбод қилишига сабаб нима?

Ўтган йилги мавсумда қизириқлик фермерлар 5 минг 979 гектар майдонда пахта парваришлаб, ҳар гектар майдондан мўлжалдаги 31,7 тонна ўрнига 13,4 центнердан, йигирмадан ортиқ фермер гектаридан 4-9 центнердан ҳосил олган. Пахта пунктларига 10 минг 641 тонна кам хомашё топширилган. Пахта парваришлаган 16 фермер режасини бажарган бўлса, 246 таси режани барбод қилган.

Мутахассислар пахта етиштиришнинг бу аҳволга келиб қолишини ерларнинг ўз вақтида чуқур шудгор қилинмагани, текисланмагани, экин майдонларидан бемақсад фойдаланилгани, 40-45 фоиз ерларнинг шўрланиб кетгани билан изоҳлади. Ҳолати ёмонлашиб қолган икки минг гектарга яқин майдонга ҳар йили зироат экилмай қолаётганини таъкидлашди.

Қизириқда янги ташкил этилган “Сурхонкоттекстиль”  пахтачилик-тўқимачилик кластери туманда қандай ишларни амалга оширмоқда?

“Сурхонкоттекстиль” МЧЖ пахтачилик-тўқимачилик кластери масъулларининг айтишича, улар Бухоро вилоятининг Ромитан ва Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманларида ҳам пахтачилик-тўқимачилик кластерлари ташкил этган. Зироат етиштиришга илмий нуқтаи назардан ёндашиб, соҳа олимлари билан ҳамкорликда ишлашни йўлга қўйган.

Бу ишлар ўз самарасини бермоқда. Кластернинг фьючерс шартномаси асосида маҳсулот етиштириши бу – чала кластер дегани. Шу боис Қуйи Чирчиқда ҳам, Ромитанда ҳам бу усулни қўлламаяпмиз. Бизнинг ҳисобимизга Қизириқдан 22 минг 400 гектар ер майдони ўтаяпти. Пахта, ғалла майдонлари, мевали боғ ерлари берилмоқда. Маҳаллий механизаторларни ишга қабул қилиб, 20 дан ортиқ юқори унумли техника воситаларини олиб келдик. Ҳозир ерлар шудгор қилинмоқда. Биз учун ерни бир сантиметр чуқур ҳайдаш, бир центнер ҳосил дегани. Шунинг учун ерларнинг чуқурлигини 40 сантиметрдан кам олмаяпмиз. Ваҳоланки, шу ерлик механизаторларнинг айтишича, кейинги 20 йилларда экин майдонлари 15-20 сантиметрдан чуқур шудгор қилинмаган. Буни ерларнинг қатлами қотиб қолгани мисолида ўзимиз ҳам кўраяпмиз. Шудгорланадиган майдонларга аммафос сепаяпмиз, дея саволларимизга жавоб берди “Сурхонкоттекстиль” масъулияти чекланган жамияти пахтачилик-тўқимачилик кластери мутасаддилари.

Кластер Қизириқда пахтачиликни ривожлантириш, замонавий саноатни олиб кириш учун нималар қилмоқчи?

Туманда янгидан иш бошлаётган кластер масъулларининг айтишича, улар аниқ мақсадга йўналтирилган бизнес режасига эга. Бу ерларнинг структураси, туманнинг бугунги ҳолати ўрганилиб, ишлаб чиқилган.

Шунга асосан жорий йилда ҳар гектар ердан ўртача 40 центнердан пахта ҳосили олишни мўлжалламоқда. Бунинг учун 19 та ҳудудга суҳбат асосида раҳбар, бош агроном, гидротехник ва бош ҳисобчи тайинланган.

Участка бошлиқлари, ҳисобчи-менежерлар ишга олинмоқда. 22 механизатор ишга қабул қилинган. Ҳар юз гектар ерда 25 кишидан деҳқон меҳнат қилади. Бу йил пахта далаларида етти мингга яқин одамнинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган.

Шу йилнинг ўзида минг гектар ерда томчилатиб суғориш жорий этилади. Чорва комплекси бунёд этиб, икки ярим минг бош қорамол парваришлаш йўлга қўйилади.Тумандаги ягона саноат корхонаси – пахта тозалаш заводи тўлиқ модернизация қилинади.

Келгусида пахта ва ғаллани етиштиришдан бошлаб, қайта ишлаш, экспортбоп тайёр маҳсулот чиқаришгача бўлган жараён амалга оширилиб, 13 мингдан зиёд кишининг бандлиги таъминланади.

Қизириқда ерлари кластер ихтиёрига  ўтган фермерлар ва уларнинг ишчилари бандлиги қандай ечим топади?

Айни дамларда биз ҳудудни чуқур ўрганаяпмиз. Интенсив боғ яратган, хориждан чорва моллари олиб келган, иссиқхона қурган фермерлар ерини олмаймиз. Аксинча, уларни қўллаб-қувватлаб, янада ривожланиши учун кўмаклашамиз.

Ҳудудларда тўлиқ алмашлаб экишни жорий этамиз. Экиндан бўшаган майдонни аҳолига иккинчи экин экиши учун шунчаки бериб ҳам юбормаймиз. Оилавий кластер ташкил этиб, шартнома асосида топширамиз. Истаган киши оилавий меҳнат қилиб, ҳосилнинг бир қисмини кластерга топширади. Қолган қисми ўзиники бўлади.

Механизаторлар учун ойлик маош ишбай тартибида тўланади. Улар ишининг ҳажмига қараб, 3-5 миллион сўмгача иш ҳақи олади. Далада ишлайдиган пахтакорларга кунлик норма белгиланади. Уни бажарган ишчиларга 2 миллион сўмгача ойлик маош берилади. Шу пайтгача расман ишга қабул қилган ҳудуд раҳбари, мутахассис ва ишчилар сони 700 нафардан ошди.

Бу йил пахта далаларида етти мингга яқин одамнинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган. Келгусида пахта ва ғаллани етиштиришдан бошлаб, қайта ишлаш, экспортбоп тайёр маҳсулот чиқаришгача бўлган жараён амалга оширилиб, 13 мингдан зиёд кишининг бандлиги таъминланади, деган “Сурхонкоттекстиль” МЧЖ пахтачилик-тўқимачилик кластери мутасаддилари.

Маълумот учун, ОАВда деярли бир ойдан бери давом этиб келаётган можаролар акс этган видео ҳамда танқидий мақолалар ёритилмоқда. Айни вақтда Вазирлар маҳкамасидан комиссия тузилиб, 21 январь куни Қизириқ туманига етиб бориши кутилмоқда. Комиссия таркибига Олий мажлис қонунчилик палатаси депутати Расул  Кушербаев ҳам киритилиши мумкин.

Ўзбекистонда 15 январь куни ерни ноқонуний олиб қўйганлик учун жавобгарлик белгиланди.

“Ер участкаларини ноқонуний олиб қўйганлик учун жавобгарлик кучайтирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–667-сон, 14.01.2021 й.) Президент томонидан имзоланди.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларига қўшимчалар киритилди.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчаларга кўра, ерни ноқонуний олиб қўйиш мансабдор шахсларга БҲМнинг 100 бараваридан 150 бараваригача (22 млн 300 минг сўмдан 33 млн 450 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Агар мазкур ҳуқуқбузарлик мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни олдиндан ва тўлиқ қопланмаган ҳолда биноларнинг бузиб ташланишига олиб келса, мансабдор шахсларга БҲМнинг 150 бараваридан 200 бараваригача (33 млн 450 минг сўмдан 44 млн 600 минг сўмгача) миқдорда жарима солиниши мумкин.

Жиноят кодексига маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такроран ерларни ноқонуний олиб қўйган мансабдор шахсларга қуйидаги жазо чораларини белгиловчи қўшимча киритилди:

– БҲМнинг 200 бараваридан 250 бараваригача (44 млн 600 минг сўмдан 55 млн 750 минг сўмгача) миқдорда жарима;

– 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари;

– 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари.

Мазкур жиноят мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни олдиндан ва тўлиқ қопланмаган ҳолда биноларнинг бузиб ташланишига олиб келса ёки анча миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилса мансабдор шахс 3 йилгача, кўп миқдорда зарар келтирса 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Ерни ноқонуний олиб қўйиш мулкдорга жуда кўп миқдорда зарар етказса ёки кўпчилик учун хавфли бўлган усулда содир этилса, муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Facebook Comments