Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида вояга етмаган қиз 2 январь куни ИИБга мурожаат қилиб, икки эркак унинг номусига текканини маълум қилган. Бу ҳақда вилоят прокуратураси матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарда ёзилишича, 16 ёшли П.Э. фуқаро И.С. ўзининг “Матиз” машинасида уни Каттақўрғон шаҳар “Чинобод” маҳалласи ҳудудига олиб бориб, зўрлик ишлатиб номусига текканлигини маълум қилган.

Шунингдек, фуқаро С.Р. ҳам “ВАЗ 2106” машинасида уни тумандаги “Сув омбори” ҳудудига олиб бориб, уни зўрлаб жинсий алоқа қилганлиги айтган.

Каттақўрғон туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси терговга қадар текширув доирасида воқеа жойини кўздан кечириб, ишга алоқадор шахсларнинг кўрсатмаларини олган. Қиз танасидаги жароҳатларга аниқлик киритиш мақсадида судга оид тиббиёт экспертиза тайинланган.

Ишда тўпланган далилларга асосан Ўзбекистон ЖКнинг 118-моддаси 1-қисми билан (номусга тегиш, яъни зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий алоқа қилиш) жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, П.Э.нинг аризасида кўрсатилган фуқаро С.Р. 13 январь куни ўзининг Каттақўрғон туман “Саройқўрғон” маҳалласида жойлашган уйида вафот этганлиги аниқланган.

Фуқаро С.Р.нинг ўлим сабабларини аниқлаш юзасидан Каттақўрғон туман прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, 14 январь куни қизнинг онаси фарзанди 10 январь куни уйидан номаълум томонга чиқиб кетиб, қайтиб келмасдан бедарак йўқолганлигини билдирган.

Мазкур ҳолат юзасидан Каттақўрғон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Facebook Comments