Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси Садир Жапаровни республикадаги навбатдан ташқари президентлик сайловларида ғолиб деб расман тан олди. Бу ҳақда 20 январь, чоршанба куни хабар берилди, деб “Известия” нашрига таяниб  Даракчи  ёзмоқда.

“Қирғизистон Республикасида 2021 йил 10 январда бўлиб ўтган навбатдан ташқари президент сайловлари натижалари тасдиқланди”, – деди Марказий сайлов комиссияси йиғилишида бўлим бошлиғи Нуржан Шайлдабекова.

Эслатиб ўтамиз, 16 январь куни Марказий сайлов комиссияси бюллетенларнинг 100 фоизини қўлда ҳисоблаш орқали Жапаров 79,23 фоиз овоз тўплаган ва муддатидан илгари бўлиб ўтган президентлик сайловларида ғолиб чиққанлигини эълон қилди. Иккинчиси Адахон Мадумаров (6,8%), учинчиси – Бобур Тўлбоев (2,35%).

Сайловларда сайловчиларнинг умумий фаоллиги 39,34 фоизни ташкил этди.

10 январь куни Қирғизистонда президент сайловлари ва республикада бошқарув шаклини аниқлаш бўйича референдум бўлиб ўтди. Иштирокчилар 40 фоиздан озроқ эди.

Қўлда ҳисоблаш натижасида сайловчиларнинг 84,11 фоизи республикадаги президентлик бошқарув шаклига овоз берди, 11,27 фоизи парламент республикасини танлади, 4,62 фоизи “ҳаммага қарши” овоз берди.

13 январь куни Жапаров Россия Қирғизистоннинг стратегик шериги эканлигини эълон қилди ва ушбу йўналишни давом эттиришга ваъда берди. Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон ва Россияни узоқ тарих боғлайди ва СССР қулаганидан кейин мамлакатлар яқин шерикларга айланишди. Жапаров, шунингдек, республикадаги рус тили расмий мақомга эга бўлишига ишонтиради.

Facebook Comments