Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бухоро вилояти Олот тумани марказида Олот, Қоракўл, Жондор ва Шофиркор туманлари фаоллари, маҳалла раислари билан учрашувда туманда кўплаб ўзгаришлар бўлишини маълум қилди.

Маълум бўлишича, бу йил ёшлар ва оилавий тадбиркорлик лойиҳалари учун Қоракўл туманига 36 миллиард сўм, Олот туманига 21 миллиард, Жондор туманига 49 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Қоракўл касб-ҳунарга ўқитиш марказида 980 нафар ишсиз ва чет элда ишлаш истаги бўлган фуқаролар турли касбларга ўқитилади.

2021-2022 йилларда Олотда 42 та, Қоракўлда 56 та, Жондорда 67 та лойиҳа амалга оширилиб, 3 мингта доимий иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Шунингдек, Олотда лойиҳа қиймати 20 миллион доллар бўлган логистика маркази, Қоракўлда олтингугуртни қайта ишлаш корхонаси, Жондорда керамик плиталар ишлаб чиқариш объекти ишга туширилади. Кичик саноат зоналари ташкил этилади.

Қишлоқ хўжалигида ҳам фойдаланилмаган имкониятлар бор. Жорий йилда 18 километр мелиорация тармоқлари қурилиб, Жанубий Олот хўжаликлараро коллектори реконструкция қилинади. Натижада фойдаланишдан чиққан ерлар қайта ўзлаштирилиб, бозорбоп маҳсулотлар етиштирилади.

Президент ижтимоий соҳаларни ривожлантириш масалаларига алоҳида тўхталди. Хусусан, Олот туманида кинотеатр ва кутубхонани ўз ичига олган Маънавият ва маданият маркази қурилиши қайд этилди. Шунингдек, мактаб, болалар боғчаси, тиббиёт муассасалари, ижтимоий хизмат объектлари барпо этилади.

Бу йил Қоракўлдаги Халқаро математика мактаби реконструкция қилиниб, 200 ўринли ётоқхона қурилиши таъкидланди. Бу даргоҳнинг иқтидорли ёшлари IT соҳасига жалб қилинади.

Жаҳон банки иштирокидаги Олот ва Қоракўл туманлари ичимлик сув таъминотини яхшилаш бўйича 139 миллион долларлик лойиҳа якунланиб, 265 минг аҳоли ичимлик суви билан таъминланади. Бу икки туманда 30 йилда ичимлик суви таъминоти 17 фоиз бўлган, жорий йилда бу кўрсаткич 90 фоизга етади.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Бухорога агросаноат, тўқимачилик, ахборот технологиялари, тиббиёт соҳаларидаги корхоналар фаолияти, шаҳар ва туманлардаги бунёдкорлик ишларини кўздан кечириш режалаштирган.