АОКАда ўтказилаётган “Совуқ кунларда аҳолини газ, электр энергияси ва кўмир билан таъминлашда кузатилаётган муаммолар” мавзусидаги брифингда Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев совуқ кунларда корхоналарнинг биринчи раҳбарлари иштирокида ишчи гуруҳлар жойлардаги вазиятларни ўрганиши ҳақида маълум қилди.

“Ишонтириб айтишимиз мумкинки, барча иссиқлик ва гидро электр станцияларида, тақсимловчи тармоқларда, магистрал электр тармоқлари корхоналарида туну кун навбатчилик ташкил этилган.

Совуқ кунларда корхоналарнинг биринчи раҳбарлари иштирокида ишчи гуруҳлар жойлардаги вазиятларни ўрганади ва истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатларга тезкорлик билан чора кўриш бўйича бригадаларнинг фаолиятини ташкил этади.

Вилоят ва туман марказларидаги истеъмолчиларга илтимос қилмоқчиман: электр энергиясидан оқилона фойдаланиш натижасида иқтисод қилинган энергия қайсидир олис ҳудудга, чекка қишлоққа етиб боришини унутманг!”, дейди Хўжаев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Энергетика вазири Алишер Султонов совуқ об-ҳавонинг янги тўлқини нолдан паст ҳароратгача тушиши кутилаётган бир вақтда жойлардаги вазиятдан яхши хабардор эканлигини ва муаммоларни енгиллаштириш, уй-жойлар ва иш жойларининг барқарор энергия ва газ билан таъминлашга эришиш учун барча чора-тадбирларни амалга ошираётганини маълум қилган эди.