АОКАда ўтказилаётган “Совуқ кунларда аҳолини газ, электр энергияси ва кўмир билан таъминлашда кузатилаётган муаммолар” мавзусидаги брифингда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Обиджонов тармоқларда содир бўладиган авариявий ўчишларни тезкор бартараф этиш учун қилинаётган амалий ишлар бўйича маълумот берди.

“2021 йилнинг 18 кунида Республика бўйича истеъмолчиларга 3,0 млрд кВт соат, шундан аҳолига 1,1 млрд кВт соат ва улгуржи истеъмолчиларга 1,9 млрд кВт соат миқдорида электр энергияси етказиб берилди.

Тармоқларда содир бўладиган авариявий ўчишларни тезкор бартараф этиш мақсадида, ҳудудларда жами 481 та тезкор авариявий чиқиш бригадалари тузилди, уларга 378 та махсус авариявий чиқиш машиналари ва махсус техникалар ажратилди.

Ҳудудий корхоналарда 395 дона тармоқ трансформаторлар, 191,8 тонна трансформатор мойи, 947 дона таянчлар, 53,9 тонна турли ўлчамдаги сим, 41,5 километр кабель маҳсулотлари ҳамда 638 дона кабель муфталаридан иборат захира яратилди.

2021 йилда истеъмолчиларга 56,3 млрд кВт соат электр энергиясини етказиб бериш (ўсиш суръати 104,1%), шундан аҳолига 15,7 млрд кВт соат, иқтисодиёт тармоқларига 40,6 млрд кВт соат электр энергияси етказиб бериш режалаштирилган”, дейди Обиджонов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Энергетика вазири Алишер Султонов совуқ об-ҳавонинг янги тўлқини нолдан паст ҳароратгача тушиши кутилаётган бир вақтда жойлардаги вазиятдан яхши хабардор эканлигини ва муаммоларни енгиллаштириш, уй-жойлар ва иш жойларининг барқарор энергия ва газ билан таъминлашга эришиш учун барча чора-тадбирларни амалга ошираётганини маълум қилган эди.