Effect.uz ахборот агентлиги мухбири Даврон Ҳасанов кеча 17 январь куни Чироқчи туманидаги марказий шифохонада рентген ускунаси ишламаётгани ҳақида хабар берган эди.

Чироқчида ЙПХ ходимлари ва фуқаро ўртасида жанжал бўлган. Марказий шифохонада эса рентген ишламаяпти…

 

Мазкур ҳолатга Қашқадарё ССБ муносабат билдириб, бунинг сабаби электр таъминотидаги тез-тез узилишлар эканлигини маълум қилди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода вилоятнинг Чироқчи туманидаги марказий поликлиниканинг рентген ускунаси ишламаётгани тўғрисида сўз боради. Бунга масъул шифокор рентген қурилмаси ишдан чиққани тўғрисида раҳбариятни ёзма равишда хабардор қилганини таъкидлаган.

Маълум бўлишича, Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлими қабулхонасидаги рентген ускунаси 2020 йил 29 декабрдан буён носоз ҳолатда. Электр таъминотидаги тез-тез узилишлар сабабли ускунанинг дастурий таъминотида носозликлар кузатилган. Ускуна икки марта таъмирланган.

“Бироқ яна юқоридаги сабаб носозликни тўлиқ бартараф этиш имкони бўлмаган. Ускунани яна таъмирлаш чоралари кўриляпти”, дейилади ССБ хабарида.

Айни пайтда тиббиёт бирлашмаси ҳудудида жойлашган кўп тармоқли марказий поликлиникадаги рентген ускунаси доимий равишда ишламоқда.