Тергов департаменти Наманганда тадбиркорни қўлини қайириб, кетидан тепиб машинага солишди, номли видео ва фото мақола юзасидан расмий маълумот берди.

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 17 декабрь куни соат 13:00 да 48 ёшли Турсунпўлат И., Наманган шаҳар Соҳил МФЙ ҳудудида жойлашган қурилиш объектида ишчи сифатида ишлаётган вақтида Наманган вилояти ҳокимлиги ишчи гуруҳи таркибида ноқонуний қуриб олинган биноларни бузиш жараёнида иштирок этаётган 28 ёшли Химойиддин У., билан оғзаки тортишиб, уни шаҳарсозлик норма талабларига зид равишда ноқонуний қурилаётган бинони бузиш ҳақидаги талабига бўйсунмасдан, уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, қўли билан юзига уриб, тан жароҳати етказганлиги аниқланган.

Суд-тиббий экспертиза хулосасида, фуқаро Химойиддин У., нинг баданида аниқланган жароҳатлари “ўртача оғир” тан жароҳатлари эканлиги кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан 2020 йилнинг 29 декабрь куни Наманган шаҳри бўйича ИИО ФМБ 1-сонли ИИБ Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “а” банди (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Мазкур жиноят иши бўйича олиб бориладиган суриштирув ҳаракатлари давомида жанжалда иштирок этган барча шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади. Ҳозирда жиноят иши бўйича суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Ички ишлар органлари тўғрисидаги Қонунининг 22-моддасида кўра, Ички ишлар органлари ходимлари томонидан қандай ҳолларда жисмоний куч ишлатилишига рухсат берилганлиги белгилаб қўйилган:

Агар куч ишлатилмайдиган усуллар ички ишлар органи ходимининг зиммасига юклатилган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминламаса, у қуйидаги ҳолларда шахсан ўзи ёки бўлинма (гуруҳ) таркибида жисмоний куч ишлатиш, шу жумладан курашнинг жанг усулларини қўллаш ҳуқуқига эга бўлади:

жиноятларга ва маъмурий ҳуқуқбузарликларга чек қўйиш учун;

жиноятлар ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларни энг яқиндаги ички ишлар органига ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга олиб бориш ва бу шахсларни ушлаб туриш учун;

ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларига қаршилик кўрсатилишини бартараф этиш учун;

Ички ишлар органи ходими ушбу Қонунда махсус воситалар ёки ўқотар қурол қўлланилишига рухсат этилган ҳолларда ҳам жисмоний куч ишлатиш ҳуқуқига эга.

Бундан ташқари, юқоридаги видео мақолада “тадбиркорнинг қўлини қайириб” деган жумла нотўғри талқин қилинган бўлиб, ИИБ ходимлари жисмоний куч ишлатиб, кураш усулларини қўллаган фуқаро яъни Турсунпўлат И., тадбиркор эмаслиги, балки қурилишда ишлаётган ишчи эканлиги аниқланган.

Шу сабабдан, фуқаролар ҳамда журналист ва блогерлардан ижтимоий тармоқларга мақола ёки пост жойлаштираётганда ёлғон ахборот тарқатиб, халқимизда Ички ишлар органлари ходимларига нисбатан салбий фикр шаклланишига сабабчи бўлиб қолмасликларини сўраб қоламиз. Зеро, ёлғон ахборот тарқатиш қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка сабаб бўлади.

Facebook Comments