Қизириқ туманида фермерларнинг ери “SURXON COTTON TEXTILE CLUSTER” МЧЖ номидаги кластерга олиб берилаётгани маълум бўлди. Ёдингизда бўлса, бундан норози бўлган фермерлар адолат истаб, Тошкентгача боришган эди.

Шундан сўнг масъул вакиллар билан учрашув оқибатида Идоралараро комиссия тузилиб, мазкур комиссия 13 январдан бошлаб туманда ўрганиш ишларини олиб бормоқда.

14 январь куни комиссия аъзолари, туман ҳокими ва “SURXON COTTON TEXTILE CLUSTER” МЧЖ раҳбари Саидқул Арабов иштирокида давра суҳбати ўтказилди. Кластер раҳбари фермерлар билан шартнома асосида ишлай олмаслигини таъкидлади. Бундан ташқари, ушбу йиғилишда қатнашган туман ҳокими Илҳом Юсупов фермерлар тақдири ҳақида аниқ бир жавоб бермади.

Маълумот учун, Саидқул Арабов 2008 йилдан бошлаб 2017 йил охиригача Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси лавозимида ишлаган.

Саидқул Арабов бошқараётган МЧЖ таъсисчиси “COMPANY PETROMARUZ LIMITED” компанияси ҳисобланиб, бу компания Олий Мажлис Сенати аъзоси Муртазо Раҳматовга тегишли.

Деярли 9 йил давомида Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси лавозимида фаолият олиб борган Саидқул Арабов ва Ўзбекистондаги кўплаб кластерларнинг раҳбари ҳисобланган Муртазо Раҳматовга тегишли компания айни вақтда Қизириқ туманидаги фермер хўжаликларининг фаолият олиб бораётган ерларини ноқонуний йўллар билан эгаллаши кутилмоқда.

Фермерлар фаолият олиб борадиган ерлар тақдири ҳозирча номаълум. Айтилишича, 568 нафар фермер хўжаликлари эгалик қилаётган ерларнинг барчаси туман ҳокимлиги захирасига олинган. Effect.uz журналистига маълум бўлишиича, фермерлар ижарага олган ерларнинг ҳокимлик захирасига олиниши тўғрисидаги ҳоким қарор Адлия вазирлиги экспертизасидан ўтказилмаган.

Тез орада Effect.uz интернет нашри ушбу кластерга оид батафсил маълумотларга бойитилган мақола эълон қилиши кутилмоқда.