Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида фермерларнинг ери “SURXON COTTON TEXTILE CLUSTER” МЧЖ номидаги кластерга олиб берилмоқда.

Идоралараро тузилган комиссия аъзолари кластер раҳбари Саидқул Арабовга фермерлар билан  фьючерс шартнома асосида ишлаш таклифини беришди. Аммо кластер раҳбари мазкур таклифга рад жавобини берди. Сабаби кластер учун бу манфаатли эмас.

Туман ҳокими Илҳом Юсупов банклардан кредит қарзлари бор ҳамда хориж давлатларига қора мол харид қилиш учун пул ўтказган фермер хўжаликларининг ери олинмаслигини айтди. Бироқ ҳоким журналист Фазлиддин Меҳмоновнинг бу борада берган саволига қониқарли жавоб бермади. Ҳокимга кўра, ер фермер хўжалигида қолган тақдирда кластер унинг устидан назорат қилади.

Журналист: Фермер хўжаликларининг ерлари туман ҳокимияти захирасига олинса, қандай қилиб уларнинг ерлари ўзларида қолади? Ер кластерга берилиш арафасида, берилди ҳам дейлик аммо кластер ҳам тадбиркор фермер ҳам тадбиркор. Ўзбекистон қонунчилигида бир тадбиркор бошқа тадбиркорни назорат қилиши мумкинми?

Ҳоким: Кредит олган ва қорамол сотиб олиш мақсадида пул чиқарган фермерларнинг ерлари олинмайди, бироқ ерларни назорат қилиш ваколати кластерга топширилади. Шундай, ишлайверади!

Бундан ташқари, туман ҳокимлик биносида бўлиб ўтган мазкур давра суҳбатида фермерларнинг ерни ҳокимият захирасига қайтариш йўлида олинган мажбурий аризалари тўғрисида ҳам сўз борди.

Журналист Фазлиддин Меҳмоновнинг бу масаладаги ўринли саволига деярли ҳеч кимдан қониқарли жавоб чиқмади. Комиссия таркибида бўлган прокуратура вакили ва туман ИИБ бошлиғи мазкур масала ҳақида сўз кетганда хонадагилар сукут сақлашни маъқул кўрди.

Идоралараро тузилган комиссия шанба, 16 январь кунига қадар вақт олди ҳамда масалани ижобий ҳал қилишга ваъда берди. Қизириқ туманидаги 568 фермер хўжалигининг тақдири айни вақтда сўроқ остида…