“Ўзбеккино” Миллий агентлиги ташаббуси билан Ёшлар ижод саройида ташкил этилган кино ҳафталикнинг тўртинчи куни ўтди. Шу куни Effect.uz журналистлари Аброр Эшонхонов ва Ҳумоюн Орипов мазкур тадбирни яқиндан ёритиб борди.

“Ўзбек миллий кино санъати ҳафталиги” доирасида 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан соҳа вакиллари учун махсус ўткир сюжетли “Мен террорчи эмасман” бадиий фильми намойиш этилди.

Фото: Ўзбеккино

“Мен террорчи эмасман” фильми “Ўзбеккино” МА, “Mir Ali cinema” ва “Iskandariy visual” компаниялари билан ҳамкорликда, Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) кўмагида суратга олинган. Фильмда террористик гуруҳларга адашиб, қўшилиб қолган, Суриядаги қўпорувчилик ҳаракатларида қатнашган ва қурбон бўлган инсонлар ҳаёти кўрсатилади.

Фото: Ўзбеккино

Суратга олиш ишлари Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва Туркиянинг Истамбул шаҳрида бўлиб ўтган. “Мен террорчи эмасман” фильмида замонавий пиротехник воситалар, ҳарбий гуруҳларнинг катта массовкаси, терактлар оқибатида қурбон бўлганлар ва яраланган жабрланувчиларнинг оғриқлари тасвирланади.

 

Фильм сценарий муаллифи ва постановкачи режиссёр Муҳаммад Али Искандаров, оператор Ҳусан Атабаев, постановкачи рассом Баҳриддин Шамсутдинов, композитор Жасур Бадалбоев, продюсерлар Фирдавс Абдухоликов ва Миржамол Мирзааҳмедов, ижрочи продюсер Нодир Мўминов. Фильмда Алихан Ҳусниддинов, Садриддин Амриддинов, Давид Байрамян, Сулим Селиханов, Ахмет Серкан Эр, Санжар Жавбердиев каби ўзбек ва хориж актёрлари роллар ижро этишган.

Эътиборли жиҳати, мазкур фильмни суратга олишда ёш режиссер Муҳаммадали Искандаров ўзбек фильмлари учун янгича ракурсда, бир персонажнинг субъектив нигоҳи билан фильмни яратган.

Фото: Ўзбеккино

Режиссёр ушбу лойиҳани суратга олиш учун бир неча йил ҳаракат қилган, соҳага алоқадор ташкилотларга мурожаат қилган. Бироқ фақатгина 2020 йилга келиб, ушбу ёш режиссёрга имконият тақдим этилиб, мазкур картинани суратга олиш ишониб топширилган.

Байрам муносабати билан кино ҳафталикка Ўзбекистон Республикаси ДХХ, ҳарбий ва ички ишлар органлари ходимлари таклиф этилди. Шунингдек, кун давомида “Кино – тарбиянинг замини” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон халқ артисти, профессор Муножат Йўлчиева, Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори Хушнуд Назаров, Ўзбекистон халқ артисти, профессор Турғун Азизов, Санъатшунослик фанлари доктори, киношунос Нигора Каримова, санъатшунослик фанлари номзоди, киношунос Ойбек Копадзе ва бошқа шу каби мутахассислар иштирок этишди.

Давра суҳбатида кино таълимини янада ривожлантириш, умумтаълим мактабларига профессионал киноижодкорлар номини бериш, Тошкент шаҳрида кино санъатига ихтисослашган замонавий мактаб қуриш ва фаолиятини йўлга қўйиш бўйича долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Журналистлар тадбир давомида 6 йил аввал Туркияга кўчиб кетган Ёрқиной Ғозиева, Турғун Азизов ва бошқа соҳа вакиллари билан экслюзив интервью уюштирди.