Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги айрим ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жазолар енгиллаштирилиши муносабати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига матбуот хизматига таяниб “Дарё” маълум қилди.

Таҳлиллар натижасида аниқланишича, ҳайдовчилар томонидан тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларининг бузилиши аксарият ҳолларда машинани тўхтатишга мажбур бўлинган жойларда вақтинча тўхташ учун шароит яратилмагани ва бундай жойларда тақиқловчи белгилар мавжудлиги оқибатида содир этилмоқда.

Депутат Фахриддин Самадовнинг таъкидлашича, ўрганишлар давомида кодексдаги йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги айрим ҳуқуқбузарликларга нисбатан жарима миқдорини энг кам ва энг кўп миқдорини белгилаш давомида — ҳуқуқбузарликни таснифлаш амалиётида коррупцион ҳолатларнинг келиб чиқишига имкон берувчи мавҳум нормалар борлиги ҳам аниқланган.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасига кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54, 123, 141, 147-моддаларида назарда тутилган «энг кам» ва «энг кўп» миқдорда белгиланган жарималарнинг энг кам даражаси сақланиб, энг кўп даражаси чиқариб ташланяпти.

Маълумот учун

Амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) биринчи қисми асосида фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 5 баробари (13 январь ҳолатига кўра 1 115 000 сўм)гача миқдорда, иккинчи қисми асосида эса БҲМнинг 20 баробари (4 460 000 сўм)дан 30 баробари (6 690 000 сўм)гача жарима солиниши мумкин.

23-модда (транспорт воситаларидан ахлат ёки бошқа нарсаларни ташлаб юбориш) бўйича жарима БҲМнинг бешдан бир қисми (44 600 сўм)дан бир баравари (223 минг сўм)гача бўлган миқдорни ташкил этади.

141-модда (транспорт воситаларидан шахсий бойлик орттириш мақсадида фойдаланиш) бўйича жарима БҲМнинг икки баробари (446 минг сўм)дан беш баробари (1 115 000 сўм)гача бўлган миқдорни ташкил этади.

147-модда (йўлларга, йўл иншоотларига, йўл ҳаракатини тартибга солиб турувчи техник воситаларга шикаст етказиш, уларни сақлаш қоидаларини бузиш) биринчи қисми бўйича фуқароларга солиниши мумкин бўлган жарима БҲМнинг бир баробари (223 минг сўм)дан уч баробари (669 минг сўм)гача бўлган миқдорни ташкил этади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборотига кўра, депутатлар шу моддалардаги «энг кўп» миқдорларни йўқ қилишни таклиф қилмоқда.

Шунингдек, кодекснинг 128-6-моддада белгиланган транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузганлик учун жарима миқдори камайтирилиб, такроран содир этилган қоидабузарликлар учун жарима қўллаш нормалари чиқарилмоқда. Жарима миқдори қанчага камайтирилаётгани маълум қилинмаган, қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайтининг «Муҳокама этилаётган қонун лойиҳалари» саҳифасида йўқ.

Маълумот учун

Амалдаги кодексга мувофиқ, ҳайдовчи томонидан тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини биринчи марта бузиш базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг уч баравари (13 январь ҳолатига кўра 669 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Бир йил давомида содир этилган иккинчи худди шундай қоидабузарлик учун БҲМнинг беш баробари (1 115 000 сўм), учинчи қоидабузарлик учун БҲМнинг 10 баробари (2 230 000 сўм), тўртинчи ва ундан кейинги ҳар бир қоидабузарлик учун БҲМнинг 15 баробари (3 345 000 сўм) миқдорида жарима солинади.

Оддийроқ қилиб тушунтирганда, ҳозир бир ҳайдовчи йил давомида 10 марта тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузса, жами 27 429 000 сўм жарима тўлайди. Депутатлар жарима миқдорини қанчага камайтиришни таклиф қилгани маълум эмас; жарима миқдори камайтирилмай, депутатларнинг такрорий қоидабузарлик учун оширилган жарима қўллаш амалиётини бекор қилиш таклифи тасдиқланган тақдирда ҳам, йил давомида 10 марта «парковка» қоидаларини бузган ҳайдовчи «бор-йўғи» 6 690 000 сўм (амалдаги кодекс асосида солиш мумкин бўлган умумий жарима миқдоридан 20 739 000 сўм кам) жарима тўлаши керак бўлади.

“Халқ ноиблари ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши келгусида йўл транспорт соҳасидаги қоидабузарлик учун жарималар белгилашда коррупцион ҳолатлар содир этилишини олдини олишга хизмат қилишини айтиб, қонун лойиҳасини маъқулладилар”, дейилади палата ахборотида.

Facebook Comments