Бугун, 14 январь куни Қарши шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганлигининг 29 йиллиги ҳамда 14 январ Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан катта байрам тадбири ташкиллаштирилиб, ҳарбий парад ўтказилди.

Унда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигида барча ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, ҳокимликлардан вакиллар, ҳарбий қисмлар офицерлари иштирок этишди.

Дастлаб, бизнинг осуда ором олишимиз, соғ – омон уйғонишимизда ўзларининг ширин жонларини аямасдан бурчига садоқат билан ёндашаётган Ватанпарвар, мард – жасур ўғлонлар яъни  тинчлигимиз посбонлари бўлган ҳарбийлар мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйишди.

 

Сўнгра, ҳарбий оркестр садолари ила кўтаринки кайфиятда консерт дастурлари давом эттирилиб, турли чиқишлар қилинди. Шу ерда тўпланганлар интиқ бўлиб кутган ҳарбий-техникалар паради эса, байрамнинг кўтаринки руҳда ўтишида туб бурилиш нуқтаси бўлди десак адашмаймиз.

Ватанни мадҳ этувчи шўх – шўх куй қўшиқлар, ўғлонларнинг шахдам қадамлари қалбларда ўзгача туйғуларни уйғота олганлиги таҳсинга сазовордир.

“Ким Ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша!” – шиори эса еттидан – етмишгача бўлган ҳар бир фуқаронинг қулоғи остида жаранглаб турган бўлса ажаб эмас!

Даврон Ҳасанов

Аброр Паянов

Effect.uz учун Қаршидан махсус