Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Ўктам Раҳимович Саломов бошқа ишга ўтгани муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда вазирлик хабар берган.

Шунингдек, вазирлик 13 январь куни ижтимоий тармоқларда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, Ўзбекистон Миллий  университети ректори этиб тайинлангани тўғрисида тарқалган хабарлар расмий асосга эга эмаслигини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Рўзибоев ўз лавозимидан озод қилинди. Қишлоқ хўжалиги вазирининг озиқ-овқат саноатини ривожлантириш бўйича ўринбосари Саидкамол Ходжаев бошқа ишга ўтгани муносабати билан лавозимидан озод қилинди.

Қишлоқ хўжалиги вазирининг фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш буйича ўринбосари Ботиржон Сулаймонов лавозимидан озод қилинди. У Тошкент давлат аграр университети ректори лавозимида қолади.

Қашқадарё вилояти ҳокимининг ўринбосари – вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи лавозимига Баҳром Юсупов тайинланди.