Олий суд матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда Effect.uz мухбири Элёр Тожибоев эълон қилган видеомурожаат юзасидан баёнот берди.

Унга кўра, жиноят ишлари бўйича Термиз туман судининг иш юритувида Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “а” банди билан айбланган И. Х. га оид жиноят иши мавжуд бўлиб, унинг суд мажлисида кўрилиши 2021 йил 11 январь куни тайинланган.

Шу куни ушбу жиноят ишини кўришни бошлашдан олдин, Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигидан рўйхатдан ўтган Effect.uz ахборот агентлигининг Фарғона вилояти бўйича мухбири Элёп Тожибоев, судланувчи И. Х., унинг яқин қариндошлари ва видеокамера кўтариб турган бошқа шахслар, Термиз тумани ИИБ навбатчилик қисмининг навбатчиларига бўйсунмасдан жиноят ишлари бўйича Термиз тумани суди раиси О.Бегимқуловнинг хизмат қабулхонасига бостириб кириб, гўёки суд раиси томонидан ноқонуний суд қарори чиқарилаётганлигини рўкач қилиб, суд раисини видеоёзувга олиб, хизмат хонасига киришга уринишган.

Элёр Тожибоевга суд мажлислар залига тушишни, суд мажлисида ўрнатилган тартибда илтимоснома билан мурожаат қилиши мумкинлиги тушунтирилишига қарамасдан, у нотаниш аёллар билан биргаликда жанжал кўтарган.

Бу ҳақда Термиз туман ИИБ навбатчилик қисмига маълум қилиниб, ИИБ қўриқлаш бўлими ходимларини жамоат тартибини сақлашга қаратилган қонуний талабларини бажармасдан, суд раисининг хизмат хонасини тарк этишга тўсқинлик қилишиб, бўлаётган воқеаларни видеоёзувга тушириб, судьянинг дахлсизлигини бузишган. Шундан сўнг, Элёр Тожибоев суд мажлисига рухсатсиз кириб, суд мажлисини видеоёзувга тушириш ҳақида оғзаки илтимоснома билан мурожаат қилган.

Илтимоснома юзасидан суд мажлисида иштирок этиб келаётган прокурор Ш.Ҳаитов, ҳимоячи А.Бабакулов, фуқаровий даъвогар Ш.Зоиров илтимосномани рад қилишни, ҳимоячи А.Поянова, Д.Саидов, К.Шарипов ва судланувчи И. Х. илтимосномани қаноатлантиришни сўрашган.

Тарафларнинг фикри тингланиб, раислик қилувчи томонидан илтимоснома рад қилинган ва Элёр Тожибоевдан суд мажлиси залидан чиқиш сўралган. Мухбир Элёр Тожибоев ва судланувчи И. Х. нинг яқин қариндошлари суд мажлиси залини тарк этмасдан, жанжал кўтариб, тартибни сақлаш қоидаларини бузган.

Суд мажлисида раислик қилувчининг талаблари бажарилмаганлиги, қасддан бўйин товлаганлиги сабабли, суднинг ажрими билан четлаштирилган. Маълумки, Олий суд Пленумининг 2020 йил 21 февралдаги “Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ жиноят иши ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриш пайтида суд мажлисида раислик қилувчининг тарафлар фикрини эшитгандан кейин берган рухсати билан йўл қўйилиши мумкинлиги қайд этилган. Юқорида кўрсатилган ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Термиз туман прокуратурасига юборилган.

Effect.uz ахборот агентлиги мазкур вазиятга яна қайтади.