Кеча, 11 январь куни Миллий  кинематография ҳафталиги  доирасида “Мен террорчи эмасман. Ўлимим тарихи” фильмини тақдим этди. Бу ҳақда Effect.uz мухбири хабар бермоқда.

“Мен террорчи эмасман” фильми “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, “Mir Ali cinema” ва “Iskandariy visual” кинокомпаниялари билан ҳамкорликда, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати  кўмагида суратга олинган бўлиб, бадиий фильмининг катта премьераси кеча бўлиб ўтди.

“Мен террорчи эмасман” бадиий фильми ўткир сюжетли ҳарбий драма жанрида, реал воқеаларга асосланган. Фильм сценарий  муаллифи ва постановкачи режиссёр Муҳаммад Али Искандаров, оператор Ҳусан Отабоев, постановкачи рассом Баҳриддин Шамсутдинов, композитор Жасур Бадалбоев, продюсер Фирдавс Абдухоликов, ижрочи продюсер Нодир Мўминов.

“Бугунги кунда кино соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан ёш киноижодкорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдодини юзага чиқариш, ёшларни ташвишга солаётган муаммо ва камчиликларни ўрганиш борасида белгиланган топшириқлар  ва вазифалар ижроси “Ўзбеккино” Миллий агентлиги фаолиятининг бугунги кундаги  муҳим шартларидир. Сўнгги ўттиз йил ичида биринчи марта ВГИК   ва “Ўзбеккино”  МА ўртасида меморандум имзоланди, унга кўра Ўзбекистон кино саноатининг ёш мутахассислари танлов асосида ўқишга қабул қилинди. “Ёшлар ижодий-тажриба студияси” негизида бошланган “Дебют” лойиҳаси кино соҳасига қизиқувчи ёшлар учун ўзига хос старт майдончасига айланди. Бу йил томошабинларни қувонтирадиган фильмларнинг аксарияти,  жумладан,  Миллий кино ҳафталиги доирасида тақдим этилаётган картинамиз  ҳам  ёш, умидли ва шижоатли кино ижодкорларининг дебют асарлари ҳисобланади”, дейди Агентлик Бош директори Фирдавс Абдухолиқов.

“Лойиҳамизнинг асосий мақсади томошабинларга, айниқса, ёшларга терроризмнинг мудҳиш моҳияти, унинг инсониятга қарши жиноят  эканлиги  етказишдан иборат. Биз терроризмнинг очкўз ва хоин юзини кўрсатишга, одамлар пул учун ўз Ватанига, ота-онасига, дўстларига  хиёнат қилишини очиб беришга  уриндик. Шунингдек, терроризм ғояларининг асоссизлигини, унинг душманлик ва жиноятчилик хусусиятини ва бундай ҳаракатлар учун жазонинг муқаррарлигини кўрсатишни ўз олдимизга мақсад қилдик. Картина  орқали одамларни ҳушёрликка, зарур бўлганда  ўз Ватани  ҳимоясига тайёр туришга чақирамиз”, дейди фильм режиссёри Муҳаммад Али Искандаров.

Фото: Ўзбеккино

“Барчамиз “Ўзбеккино” тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бевосита гувоҳи бўлиб турибмиз, қолаверса, ижобий ўзгаришларнинг иштирокчиларимиз. Ҳозирги кунда асосий эътибор ижодий ёндашув даражасига,  шахсни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилаётгани сезилмоқда. “Ўзбеккино” нинг ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши  туфайли ташкилий-молиявий масалаларимизни ҳал қилдик. Бугунги кунда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ва ёш киноижодкорлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик барчага илҳом бағишламоқда, дейди фильм ижрочи продюсери Нодир Мўминов.

Фото: Ўзбеккино

Эслатиб ўтамиз, 14 январь  – “Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан мазкур фильмнинг ҳарбийлар учун ҳам махсус намойиши бўлиб ўтади.