Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида метан заправкага навбатда турган “Дамас” машинаси ёниб кетди. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати хабар берган.

Маълум қилинишича, бугун, 11 январь куни соат 07:50ларда, Наманган вилояти, Тўрақўрғон тумани, Кумидон МФЙ ҳудудида жойлашган “Афсона-4” автомобилларга газ қуйиш шохобчасига кириш учун навбатда турган, ҳайдовчи, 1999 йилда туғилган Б.А. бошқарувидаги “Дамас” русумли автомобилнинг двигатель қисмидаги электр симларининг қисқа туташувчи оқибатида ёнғин юзага келган.

Ёнғин натижасида тан жароҳати олганлар йўқ. Ёнғин бартараф этилган. Мазкур ҳодиса юзасидан Тўрақўрғон тумани ИИБ ЙҲХБ ва ФВБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилиб, содир бўлиш сабабларига аниқлик киритилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 10 январь куни Намангандаги газ ёнилғиси тўлдириш шохобчасида навбатда турган шахс йиқилиб тушиш оқибатида вафот этган эди.