SpaceX ва Tesla компаниялари раҳбари Илон Маскнинг бойлиги 200 миллиард доллардан ошди, деб хабар бермоқда РБК Bloomberg Billionaires Index (BBI) рейтинги маълумотларига таяниб, унда сайёранинг 500 нафар энг бой одамининг даромадлари ҳақида ахборот тақдим этилган.

Рейтингга кўра, америкалик тадбиркорнинг бойлиги 14,5 миллиард долларга ўсган. Рейтингнинг иккинчи поғонасини Amazon.com интернет дўкони асосчиси ва раҳбари, Blue Origin аэрокосмик компанияси асосчиси ва эгаси, шунингдек, The Washington Post нашриёт уйи хўжайини Жефф Безос эгаллади, унинг давлати 1,09 миллиард долларга ўсиб, жами 186 миллиард долларга етган.

Рейтингнинг учинчи поғонасида Microsoft компанияси асосчиси Билл Гейтс жойлашди, унинг бойлиги 225 миллион долларга ўсиб, айни пайтда 134 миллиард долларга баҳоланмоқда.

Тўртинчи ўринни Louis Vuitton Moёt Hennessy компаниялар гуруҳи президенти ва CEO Бернар Арно эгаллади, унинг бойлиги 3,03 миллиард долларга ошиб, 117 миллиард долларга етган.

Рейтингнинг юқори бешлигини 430 миллион доллар йўқотган Facebook ижтимоий тармоғи асосчиси Марк Цукерберг якунлади. Энди унинг давлати 101 миллиард долларга баҳоланмоқда.

7 январь куни Tesla акциялари савдолар чоғида 5,38 фоизга — 796,38 долларгача ўсди, натижада Илон Маск Жефф Безосдан ўзиб кетиб, дунёнинг энг бой одамига айланди. Ўшанда Илон Маскнинг байлиги тахминан 188,5 миллиард долларга баҳоланган эди.

Аввалроқ Илон Маск Марсда колония ташкил қилиш йўлида ўзининг барча давлатини сотиб юборишга қарор қилгани хабар берилди. Бизнесменнинг айтишича, унинг Марсда шаҳар қуриш режаси анча катта маблағни талаб этади.

Унинг сўзларига кўра, бу уни ўз бойлиги билан хайрлашишга ундовчи сабаблардан биридир. Яна бир сабаб, деди Маск, у Марсда колония ташкил қилиш борасида қанчалик қатъий қарорга эга эканлигини бутун дунёга намойиш қилиш истагидир.

Facebook Comments