Кеча, 10 январь куни Жиззах шаҳрида янги қурилаётган кўп қаватли уйларнинг бир қисми қулаб тушган эди. Аниқланишича, ушбу қурилиш биноси ўзбошимчалик йўли билан қурилгани маълум бўлди. Бу ҳақда “Замон” информацион дастури репортажида қайд этилган.

“Чорвадор-Қоракўл-Барака” МЧЖ томонидан қурилаётган 6-қаватли уйнинг қулаб тушиши сабабларини ўрганиш бўйича Ҳукумат комиссияси тузилган. Комиссияга Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов раҳбарлик қилмоқда.

Жиззах шаҳар ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Рустамбек Ҳасанов қулаган бинони тадбиркорнинг ўзи ёлланма ишчилар кучига қурган бўлиши мумкинлигини таъкидлаб ўтди.

“Бинонинг қурилиши савдо дўконида савдо билан шуғулланадиган тадбиркор томонидан амалга оширилган. Ўзига тегишли бинони ёлланма ишчилар ёрдамида қурилиш ишларини амалга оширган бўлиши мумкин. Қайсидир қурувчи компания билан шартнома асосида қургани тўғрисида маълумот йўқ. Аммо тадбиркорнинг ўзи “бинони ўзимиз қурганмиз” деб айтяпти. Бинонинг қурилиши унинг қаватларига берилган рухсатлар тўғрисида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ўрганиш ишлари якунланиши билан бунга аниқлик киритиб яна маълумот берамиз”, дейди Ҳасанов.

Мазкур бино-иншоотлар шаҳарнинг архитектуравий қиёфасини яхшилаш мақсадида шаҳар ҳокимининг 2019 йил 17 сентябрдаги қарорига кўра қурилишга рухсат берилган. Бино тасдиқланган лойиҳага асосан биринчи қавати савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шахобчаси, юқори қаватлари турар-жой биноси сифатида қайта қуриш учун рухсат берилган.

Жиззах вилоят қурилиш бош бошқармаси томонидан архитектура ривожлантириш топшириғи ҳужжатлари ишлаб чиқилган.

Вилоят Бош архитектори Воҳиджон Мирзаевнинг маълум қилишича, ҳужжатларда бино аслида 3 қават қилиб қурилиши белгиланган. Аммо бино 6 қаватлик қилиб қурилган.

“Тасдиқланган лойиҳага асосан бино бино 3 қаватли бўлиши шаҳарсозлик кенгашидан ўтган. Аммо бинонинг ҳозирги ҳолати 6 қаватли бўлиб қурилган. Юқори қаватларида ҳақиқаттан оғир конструкциялар фойдалангани сабаб пастки қаватларига зарар етказган. Ҳозирда вазиятни тегишли мутахассислар ўрганмоқда. Бинонинг конструктив ҳолатига қараб, кейинги хулосалар берилади. Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси бор лекин бош режага асосан бу лойиҳани тасдиқлаб беришимиз керак эди. Аммо бу бино 6 қаватли қилиб тасдиқланмаган”, дейди Мирзаев.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, қулаган бинонинг орқа томонидаги 6 қаватли уйнинг фундаменти ҳам жиддий зарар кўрган. Айнан ўша орқа томондаги бино пудратчи ташкилот томонидан ўзбошимчалик билан қурилган.

Бироқ, саволимиз бор: қурилишнинг қўшимча қаватлариди иш жараёнлари кетаётганидан нега ҳеч ким хабардор бўлмаган? Ушбу саволга ким жавоб бериши мумкин?

“Орқа тарафдаги бинолар тасдиқдан ўтмаган. Бино пудратчи ташкилот томонидан ўзбошимчалик билан қурилган. Бу эса ноқонуний қурилиш ҳисобланади. Чунки орқа тарафларидаги қурилишларга рухсат берилмаган”, дея қўшимча қилди вилоят бош архитектори Воҳид Мирзаев.

Қайд этиш жоизки, қулаган бинонинг қурилиш ишлари 2020 йил март ойида бошланган бўлиб, декабрда вақтинчалик тўхтатилган. Воқеа натижасида жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқ. ФВВ ходимлари томонидан ҳодиса оқибатлари бартараф этилмоқда.

Шунингдек, “Чорвадор-Қоракўл-Барака” МЧЖ томонидан қурилган 6 қаватли бинонинг қулаб тушиш сабабларини ўрганиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилган. Бинонинг қулаш сабабларини аниқлаш мақсадида Жиззах вилояти прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланган.

 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманганда қурилганига 20 кун тўлмаган кўприк синиб тушган эди, кеча 10 январь куни Андижонда катта сув қувури ёрилиб кетган.