Бугун, 11 январь куни Жиззах шаҳар ҳокимлигида 6 қаватли бинонинг қулаб тушиш сабабларини ўрганиш бўйича тузилган махсус комиссия йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Ҳуқуқ тартибот органлари, архитектура қурилиш ташкилоти, давлат архитектура назорати ташкилоти мутасаддилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтказилган йиғилишда комиссия раиси, Жиззах шаҳар ҳокими А.Шукуров ушбу ҳалокатни ўрганиш бўйича аниқланган дастлабки маълумотлар ҳақида ахборот берган.

Иншоот аввалги хабарларда “Чорвадор-Қоракўл-Барака” МЧЖ томонидан қурилаётгани айтилган. Аммо қулаган иншоот эгаси номи “Чорвадор-Қоракўл-Барака” МЧЖ эмас “Баракали қоракўл чорвадор” фермер хўжалиги бўлган. Ушбу фермер хўжалиги Фориш туман ҳокимининг 2017 йил 28 июлдаги қарори билан “Дарвоза” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида лалми ерда қоракўл қўйчиликка ихтисослаштириб ташкил этилган.

Маълум бўлишича, Жиззах шаҳрининг “Зилол” маҳалласи, Мустақиллик кўчасида жойлашган бино иншоот ва эгаллаган ер майдони билан “Баракали қоракўл чорвадор” фермер хўжалиги мулки сифатида 2019 йил 22 апрелда 18365-сон реестр билан давлат кадастр рўйхатидан ўтказилган.

Фото: ЎзА

Фермер хўжалиги Жиззах шаҳрида савдо фаолияти билан шуғулланиб келган. Жиззах шаҳар ҳокимининг 2019 йил 17 сентябрдаги қарори билан “Зилол” маҳалласи, Мустақиллик кўчасида жойлашган бинони бузиб, ўрнида биринчи қавати савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчаси, юқори қаватлари турар жой биноси сифатида қайта қуришга рухсат берилган. Жиззах вилояти қурилиш бош бошқармаси архитектура режалаштириш топшириғи (АРТ I-II) ҳужжатлари ишлаб чиқилган.

“Discovery architects group” МЧЖ лойиҳа ташкилоти томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланиб, “Шаҳарсозлик экспертизаси” давлат унитар корхонаси Жиззах вилояти филиалининг хулосаси олинган ва вилоят қурилиш соҳасида назорат инспекциясидан рўйхатдан ўтказилган ҳамда рухсатнома олинган.

Қурилишни лойиҳаси, рухсатнома олишда барча техник ҳужжатлар қанчалик тўғри эканлиги, ҳалокатга лойиҳалаштиришдаги камчиликлар сабаб бўлганми йўқлиги ҳозирча номаълум. Бу комиссия томонидан ўрганилмоқда.

Фото: ЎзА

Қурилиш буюртмачиси ҳам, пудратчиси унинг эгаси яъни – “Баракали қоракўл чорвадор” фермер хўжалигининг ўзи бўлган. Кўп қаватли уйларни қуришда тажрибаси йўқ, чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалиги бу ишни қандай уддалагани эса кеча маълум бўлди.

“Шукур, ҳодиса, дам олиш куни содир бўлгани учун одамлар жабрланмади, – деб жавоб берди”, дейди фермер хўжалиги иш бошқарувчи Акмал Бобоев.

Ҳалокат юз берган иншоотда лаборатория текширувлари ўтказилмоқда.

Фото: ЎзА

Маълумот учун, 10 январь куни Жиззах шаҳрида янги қурилаётган кўп қаватли уйларнинг бир қисми қулаб тушган эди. Аниқланишича, ушбу қурилиш биноси ўзбошимчалик йўли билан қурилган.

“Баракали қоракўл чорвадор” МЧЖ томонидан қурилаётган 6 қаватли уйнинг қулаб тушиши сабабларини ўрганиш бўйича Ҳукумат комиссияси тузилган. Комиссияга Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов раҳбарлик қилмоқда.

Бинонинг қулаш сабабларини аниқлаш мақсадида Жиззах вилояти прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланган.