Аввалроқ, Жиззах шаҳрида янги қурилган кўп қаватли бино қулаб тушганлиги ҳақида хабарлар тарқалган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Аниқланишича, бугун 10 январь куни соат 17-15 ларда Жиззах шаҳрининг Зилол маҳалласи, Мустақиллик кўчасида қурилаётган 6 қаватли бино, яъни 1-2 қаватлари савдо дўкони, 3-6 қаватлари 11 та хонадондан иборат бўлган бинонинг 240 кв.м. иборат бўлган 7 та хонадони қулаб тушган. Бинонинг қулаши оқибатида жабрланган ва ҳалок бўлган фуқаролар аниқланмаган.

 

Воқеа жойига зудлик билан Жиззах вилояти прокурори, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва бошқа мутасадди идоралар раҳбарлари ҳамда тезкор-тергов гуруҳи аъзолари етиб боришган. Бинонинг қулаш сабабларини аниқлаш борасида Жиззах вилояти прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ФВВ ҳолат бўйича қўшимча маълумот бериб, қўшни бино ҳудудига ўрнатилган видеокузатув камерасининг ёзувларидан 6 қаватли бино конструкциясининг бир қисми қулаб тушганда, бино яқинида ёки ичида ҳеч ким бўлмагани ҳақида маълумот берганди.

Айни дақиқаларда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарлиги остида ҳодиса оқибатлари бартараф этилмоқда. Қайд этиш жоизки, ушбу уйнинг  қурилиш ишлари 2020 йил март ойида бошланган бўлиб, декабрь ойида вақтинчалик тугатилган.